ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Ўзбекистонда аҳоли сони бўйича 2 ўринда турадиган, беш юз мингдан ортиқ одам яшайдиган кўҳна Самарқанд аҳолиси қиши билан газ йўқлигидан, газ босими пастлигидан қийналиб чиққани етмаганидек, айни кунларда "Самарқандшаҳаргаз"дан 4-5 миллион сўм қарз ёзилган квитанциялар олишди. Бу ҳақида журналист Анвар Мустафақуловнинг ва kun.uz да чоп этилган мақоласини келтирамиз.
Муаллиф Самарқанд газ таъминот идораларида бўлиб юзлаб норози истеъмолчиларни учратган. Уларнинг аксарияти олинган қарздорлик квитанциялари бўйича маълумот олиш учун келган экан. Сўраб суриштирганда, кўпчилликнинг қарзи яқинда ўтказилган хатлов натижасида келиб чиққани аниқланган.
Тан олиш керак, бажарилган хизматлар ҳақи тўланмаган ҳолларда бу таъминловчи ташкилот учун катта муаммолар туғдиради ва бутун тизимга салбий таъсир кўрсатади. Электр ва газни тўловларини бир неча йил тўламай юрадиган фуқаролар ҳам бор.
Лекин наҳот, шунча одам йиллар давомида газ учун пул тўламаган бўлса? Нега хатловдан сўнг деярли барча истеъмолчи қарздорга айланди? Нега хатлов натижаларидан норози бўлиб келганлар бирорта саволга ҳам жавоб ола олмаяпти?
Кўпчилликдан фақат бир гапни эшитасиз: «Ҳар ой тўлов амалга ошираман, нега мени қарздор қилишди?»
Қизиғи шундаки, бир неча йилдан бери маҳаллага газ етиб келмай, газ қувури хонадонидан расман узиб ташланганига бир неча йил бўлган ўнлаб истеъмолчилар ҳам фалон пул қарз деб хат олишган.
"Маҳалламизда табиий газ босими пасайиб аксарият хонадонларга умуман келмай қўйганига анча бўлди, — дейди Самарқанд шаҳридаги Абдураҳмон Жомий маҳалласида яшовчи Насим Турсунов. — Йўқ газга қарз бўлмаслик учун 2014 йилда бир қатор хонадонлар қатори мен ҳам индивидуал ҳолда ўз хонадонимни тармоқдан уздирдим. Аммо бугун табиий газдан 4 000 000 сўм қарз эканимни маълум қилишди. Ҳолбуки мен 2013 йил октябрь ойида ҳисоб-китобни амалга ошириб, қарздорликни "0" қилиб, бу ҳақда маълумотнома ҳам олган эдим. Агар табиий газ берилган тақдирда ҳам олти ойда шунча қарз бўлиш ақлга сиғмайди-ку?!" — деб жиғабийрон бўлади, 20 кундан бери сарсон бўлиб юрган истеъмолчи.
Ушбу маҳалла раиси Бахтиёр Акобировнинг айтишича худди шундай муаммо маҳалладаги бир неча хонадон бошига тушган. "Самарқандшаҳаргаз" кутилмаганда ўнлаб ҳалол оилани "муттаҳамга" чиқарган.
"10 йилдан бери маҳаллада газнинг ўзи йўқ-ку?", деган гапни ҳеч ким эшитмайди.
Қарздорлик ноҳақ деб мурожаат қилаётганларга эса, газ қувурлари ва ҳисоблагични бошқатдан назоратдан ўтказиб, бирор айбини топиб икки баравар қарз ёзмоқда.
Самарқанд шаҳридаги Аҳадова кўчасида истиқомат қилувчи Маҳбуба Каримованинг, мурожаатини қандай бўлса шундайлигича келтирамиз.
«Уйимизда икки дона табиий газ нуқтаси бор, — дейди М.Каримова. — Ҳар ойлик маошимдан автоматик тарзда тўлов амалга ошираман, қизим ҳам худди шу тарзда тўлов қилади. Аммо яқинда мени 4 800 000 сўм қарздор қилишди. Ахир, қаердан бунча қарз бўлишим мумкин? Ҳисоблагичга қараганда ортиғи билан тўлаб келяпманку. Уйимизга газтаъминот идоралари ходимлари келишди, ортиқча нуқта йўқлигини кўришди, «ҳисоблагичингиз қиёсловдан ўтказилмагандир» дейишди, кўрсатдим, ўтган йили қиёсловдан ўтказганмиз.
Ҳисоблагични кўздан кечиргач, «пломба бузилган» деб туриб олишди. Энг алам қиладигани, шундан бор йўғи ўн дақиқа олдин турмуш ўртоғим пломбалар бутлигини кўздан кечириб, «Назоратчилар келса пломбаларга эҳтиёт бўлгин» дея тайинлаб кетган эди. Фаррош бўлиб ишлайман. Икки юз эллик минг сўмдан зиёдроқ маош оламан. Ноҳақ 4 800 000 сўм қарздан қачон, қандай қутула оламан. Очиқ ойдин, юзсизларча ноҳақ қарз ёзаётганларга чора борми? Мени аҳволим нима кечади?»
Яна бир оғриқли масала. Бюджет ташкилотларида ишлаётган ходимлар, хусусан, ўқитувчиларнинг коммунал хизматлар учун ўз маошидан ойма-ой тўлов қилиб боришларини ҳамма билади. Табиий газ ва электр энергияси учун энг кўп тўлов ҳойнаҳой, шу касб ходимлари томонидан қилинар. Аммо сунъий қарздорликдан азоб чекаётганлар ҳам айнан ўқитувчилар экани — ниҳоятда ачинарли ҳол.
Касб-ҳунар коллежларида "қарздор" ўқитувчиларидан қарзи йўқлиги ҳақида газтаъминот идорасидан маълумотнома келтириш ёки бўлмаса иш ҳақининг учдан бир қисмини табиий газ тўловига йўналтириш талабини қўйилмоқда. Афсуски, қарзи бўлмаса-да, бундай маълумотни олишнинг ҳеч қандай имкони йўқ.
Шундай қилиб, табиий газдан сунъий қарздорлик қўрқинчли даражага етди. Бунга ишонмаган одам «Самарқандшаҳаргаз» филиалига бориб аҳволни тушуниши, гувоҳ бўлиши мумкин. Аммо, савол ҳали бери саволлигича қоладиганга ўхшайди: «Қарз қаердан келмоқда?»