ТОШКЕНТ, 24 мар — Sputnik. Россияда 1 июлдан бошлаб хорижий ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга бўлганларни ишга қабул қилишни тақиқлаш ҳақидаги қонун банди кучга киради. Бу ҳақда Sputnik Тожикистон хабар бермоқда.
Ушбу қоида шахсий мақсадларда автомобиль минадиганларга таллуқли эмас. Бу биринчи навбатда такси ва шаҳар жамоат транспорти ҳайдовчиларига тегишли.
Агар иш берувчи хорижий ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлган шахсни ҳайдовчиликка ишга қабул қиладиган бўлса, 50 минг рубль жарима тўлайди.
Энди автомактабга мурожаат қилиб барча имтиҳонлардан ўтиш ва Россия ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун автотранспорт ҳайдовчилари ихтиёрида уч ой муҳлат бор. Қайд қилинишича, Москвада барча йўловчи ташувчи ҳайдовчиларнинг бешдан бир қисми ушбу тақиқ остига тушишлари мумкин.
Ҳаттоки таксичилар бугуннинг ўзидаёқ ҳайдовчилик гувоҳномаларини қайта расмийлаштиришга киришсалар ҳам белгиланган муддатга қадар бунга улгуришлари қийин бўлади. Чунки Йўл ҳаракати хавфсизлиги инспекцияси шахснинг ҳақиқатан ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаси олганлигини текшириш учун хорижий давлатнинг тегишли органларига сўров юборади ва унинг жавобини кутади.
"Таксист" ҳудудлараро касаба уюшмалари раҳбари Ярослав Щербининнинг айтишича, ҳозирда Москвадаги таксичиларнинг катта қисми Ўзбекистон, Тожикистон ва МДҲнинг бошқа давлатлари ҳайдовчилик гувоҳномаларига эга.
Бунда улар ишга кўпинча норасмий тарзда жойлашадилар, машинани эса ижара асосида минадилар. Шундай қилиб, улар Россия қонунчилигига кўра йўловчи ташиш ҳуқуқига эга эмаслар.
Илгарироқ Новосибирск ва Челябинск вилоятларида мигрантларнинг қатор соҳаларга, жумладан йўловчи ташиш соҳасига ишга олиниши тақиқланганлиги ҳақида хабарлар чиққанди.
Ушбу тақиқ жорий этилишига сабаб қилиб экспертлар иш берувчиларнинг мигрантларни ноқонуний тарзда ишга олишларини кўрсатишмоқда. Уларнинг фикрича, хорижлик фуқаролардан ҳайдовчилик гувоҳномасини сўрашмайди, йўл ҳаракати қоидаларини билишларини текширишмайди, бу эса йўлларда ҳалокатлар келтириб чиқариши мумкин.