ТОШКЕНТ, 17 мар — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 16-март куни ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турган Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг (ЕТТБ) президенти Сума Чакрабартини қабул қилди, деб хабар қилмоқда ТИВ матбуот-хизмати.
Мирзиёев меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистон ва ЙТТБ ўртасида ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлигини алоҳида қайд этган.
Мазкур банк билан ҳамкорлик йилларида Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларида ЕТТБнинг 500 миллион доллардан зиёд маблағини жалб этган ҳолда 54 лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди.
Учрашувда истиқболга мўлжалланган қўшма Ҳамкорлик дастурини тайёрлаш, кичик бизнес субектлари лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга кўмаклашишга доир тадбирлар ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти мамлакатга ташрифи дастурига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идораларда ҳам қатор музокаралар ўтказган. Учрашувлар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан Европа тикланиш ва тараққиёт банки ўртасида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ва Табиатни муҳофаза қилиш соҳасига техник кўмаклашиш лойиҳасини амалга ошириш бўйича битим имзоланган.