ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Қуролланган шахслар ҳужум уюштирган ҳарбий аэродромда асосан чет эл қуролли кучлари вакиллари борлиги хабар қилинмоқда.
РИА Новости халқаро ахборот агентлиги хабарига кўра, маҳаллий ҳукумат соат 14.30да ҳудудда тўқнашув бошлангани ҳақида ахборот берган. Айтилишича, аэродромнинг шарқий қисмида ҳудкуш-террорчи ўзини мотоциклда портлатиб юборгач, бошқа жангариларга авиабаза ичкарисига киришга йўл очилган.
Айни вақтга қадар жабрланганлар ҳақида маълумотлар берилгани йўқ.
Илгарироқ жангарилар Афғонистон пойтахти — Қобул шаҳридаги ҳарбий госпиталга ҳужум қилган. 50 нафар инсоннинг бевақт ҳалок бўлишига олиб келган ушбу ҳодиса учун жавобгарликни "Ислом давлати" террорчилик уюшмаси ўз зиммасига олган.
"ИД" террорчилик уюшмасининг бу таъкидига қарамасдан, Афғонистон разведка хизмати вакиллари ушбу ҳужум ортида ким турганини билиш учун ўз суриштирувини олиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 1 январ санасидан НАТО Афғонистонга ўзининг "Дадил кўмак" деб номланган янги миссиясини юборган. НАТО ва Афғонистоннинг иккиёқлама келишувига мувофиқ, мамлакатга юборилган 12 минг нафар НАТО ҳарбийлари Афғонистон куч тузилмалари ходимларини ўқитиб, уларга маслаҳат бериш ишлари билан шуғулланади. НАТОнинг ушбу миссияси тинчлик миссияси деб эълон қилинган.