Эксперт Афғонистон муаммосини ҳал қилишнинг уч шартини санаб ўтди

© Sputnik / СтрингерШерзод Абдуллаев
Шерзод Абдуллаев - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Эксперт Афғонистон муаммосини ҳал қилишнинг уч шартини санаб ўтди

ТОШКЕНТ, 27 янв — Sputnik. Халқаро ҳамжамият афғон муаммосига нисбатан нуқтаи назарини ўзгартириши ва унга бошқа томондан ёндашиши лозим, деб ҳисоблайди халқаро муносабатлар ахборот-таҳлилий маркази бўлим бошлиғи Шерзод Абдуллаев.

Бугун медиа-ҳафталикда чиқиш қилган эксперт афғон зиддияти борган сари мураккаблашаётганини таъкидлади.

Евроиттифоқ Афғонистон масаласида Ўзбекистон ёрдамига умид қилмоқда

"Марказий Осиё йўналиши биз учун табиийки, устувор ҳисобланади. Афғонистон ҳам тарихий, ҳам географик ва ҳам геосиёсий жиҳатдан Марказий Осиё минтақасига киради. Биз бу давлатни ҳар доим умумминтақавий хавфсизлик тизимининг ажралмас қисми деб ҳисоблаб келганмиз. Афғон омили ташқи сиёсатимиз учун шунчаки бир йўналиш эмас. У миллий хавфсизлик сиёсатимизнинг жиддий унсури ҳисобланади", — деди Абдуллаев.

Тошкентнинг афғон муаммоси борасидаги қарашларини баён қилар экан, у биринчидан, Ўзбекистон кўп йиллардан буён изчил ва тизимли равишда Афғонистондаги ички зиддиятлар тинч сиёсий музокаралар йўли билан афғонларнинг ички миллий келишуви асосида ҳал қилиниши тарафдори бўлиб келаётганлигини айтди. Ва экспертнинг айтишича, бу БМТ шафеълиги остида ҳамда ҳеч қандай дастлабки шартларсиз ўтиши лозим.

Сиёсатшуноснинг фикрича, бу муаммони ҳал қилишнинг иккинчи шарти афғонларнинг ички ишларига ташқи кучларнинг бузғунчи таъсирини буткул истисно қилишдир. Учинчидан эса бир-бири билан низолашаётган афғон гуруҳларига айрим ташқи кучлар томонидан қуроллар етказиб берилишини бас қилиш шарт.

ОАВ: Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасида фойдаланилмаган имкониятлар кўп

"Биз афғон муаммоасини ҳал қилиш учун биз мана шу уч шартнои олға суриб келмоқдамиз ва олға суришда давом этамиз. Афғонистонда мустаҳкам тинчлик ва барқарорликнинг ўрнатилиши биз яшаб келаётган улкан Евросиё минтақасининг ижобий ривожланишида муҳим омил бўлган бўларди. Бу коммуникация, қувурлар ўтказиш нуқтаи назаридан янги истиқболлар очиб, Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ривожланишига туртки берган бўларди", — деди эксперт.

У бу масалага нисбатан ўз қарашини баён этар экан, халқаро ҳамжамият Афғонистонга минтақавий муаммолар, таҳдидлар ва чақириқлар манбаи сифатида қарашни бас қилиш кераклигини билдирди.

"Афғонистонга кенгроқ миқёсда, афсуски у бугунги кунда эгаллаб турган мақомни ўзгартириш учун стратегик имконият нуқтаи назаридан қараш керак. Бундай қараш ҳудудий ривожланишга туртки беради ва минтақадаги барча мамлакатларга бутунлай бошқача геосиёсий йўналиш тақдим этади", — деб хулоса қилди Шерзод Абдуллаев.

Янгиликлар лентаси
0