ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Қуёш фотоэлектр станцияси 2018 йилда ишга тушиши мумкин, деб хабар қилди "Зарафшон" нашри.
Ана шундай лойиҳалардан бири Самарқанд вилоятида 100 МВт қувватли қуёш фотоэлектр станциясининг қурилишидир.
"Қуёш фотоэлектр станцияси қуриладими, йўқми?", деган саволга аниқлик киритиш учун нашр мухбири Анвар Мустафақулов Жанубий-ғарбий магистрал электр тармоқлари қуёш фотоэлектр станцияси бош муҳандиси Жамшид Хайруллаевга мурожаат қилган.
Жамшид Хайруллаев мазкур лойиҳа катталиги жиҳатдан Марказий Осиёда ягона деб таъкидлаган.
"Станцияни барпо этиш эса, аввало, бир неча босқичли тайёргарлик ишларини талаб этади. Бугунги кунгача ана шу тайёргарлик ишларининг катта қисми ниҳоясига етказилди. Вилоят ҳокимининг қарори билан Паст Дарғом туманидан 254 гектар ва Нуробод туманидан 150 гектар ер майдони ажратилгач, танланган ер тозаланиб, архитектура режалаштириш, топологик суратга олиш ва геологик текширув ишлари амалга оширилди.
Суҳбатдош шунингдек, лойиҳанинг асосий қисми, қуёш батареялари ўрнатиш ишларига қачондан киришилади ва ниҳоясига етказилиши ҳамда молиялаштириш ишлари қай тарзда бажарилишига аниқлик киритган.
"Умуман, тайёргарлик жараёнида 2014 йилнинг ўзида 1 миллиард 600 миллион сўмликдан зиёд, 2015 йилда эса 3 миллиард 142 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. 2016 йил декабрь ойида фотоэлектр станцияни ўрнатиш бўйича халқаро тендер ўтказилди. Унда Хитойнинг «Zhuhai Singyes Green Building Technology» компанияси ғолиб чиқиб, икки йил ичида қуёш электр станцияси қуриб битказиш мажбуриятини олди".
Нашр хабарига кўра, айни вақтда қуёш фотоэлектр станцияси ҳудудида артезиан қудуқлар ва бошқа cув манбалари қурилиб, ускуналар билан жиҳозланган, қолаверса, бугунгача ушбу станциянинг барча томонларида мевали ва манзарали дарахтзорлар барпо этилган.