ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik, Антон Курилкин. Ўзбекистондаги қатор оммавий ахборот воситаларида шу ҳафта Ўзбекистон совет даврининг ўнлаб эски самолётларини сотишни режалаштираётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Савдо компаниялари орасида американинг Red Fish Trading компанияси тилга олинган эди. Аммо Ўзбекистон ҳарбий муассасаси тендерлар натижаси ҳозирча эълон қилинмагани, ва барча техника ўз жойида эканлигини хабар қилишди.
Спутник Ўзбекистон мухбири америкалик "қурол-аслаҳа баронлари" тарихи қаердан илдиз отаётганига қизиқиб кўрди.
30 минг дона "Калашников"
Red Fish Trading компанияси расмий сайтида келтирилган маълумотларга кўра, у Қўшма Штатларда, Сан-Антонио шаҳрида, Техас штатида жойлашган. Компаниянинг бутун дунё бўйича ваколатхоналари борлиги қайд этилган: Яқин Шарқда, Африкада, Шарқий Европада, Ҳиндистонда ва Бангладешда.
Компанияда америкаликлардан ташқари, европаликлар, араблар ва ҳатто Ҳиндистонлик бригада генерали фаолият юритар экан. Компания ўзига керакли ходимларни бутун дунёдан излайди — мисол учун ҳозир Иордания ва Болгариядан ходимлар изламоқда.
Red Fish Trading компаниядаги товарлар ассортиментини сир тутмайди — расмий сайтида таклиф этилаётган товарлар каталоги мавжуд. Оддий фойдаланувчилар учун ер устида ҳаракатланадиган техника бўлими ҳам бор. Техаслик "қурол баронлари" бронетранспортёрлар, зирҳланган жанговар машиналар, танклар, юк машиналари ва жипларни харид қилишни таклиф қилишган.
Айрим таклифлар саволларни юзага келтирмай қўймайди, албатта — мисол учун компания Россияда ишлаб чиқарилган АК-104 автоматларини сотувга қўйган, аммо шу билан бирга АҚШ Давлат департаменти томонидан киритилган санкциялар туфайли Россия билан ҳамкорлик қилмаслигини айтиб ўтган. Бу ерда муаммо шундаки, бу ўқотар қурол бошқа давлатларга экспорт қилинмаган ва у фақатгина Россияда ишлаб чиқарилади.
Пенсиядаги ҳарбий техника
Россия Стратегиялар ва технологияларни таҳлил қилиш маркази раҳбари Константин Макиенконинг Спутник Ўзбекистонга берган изоҳига кўра, Ўзбекистон томонидан сотувга қўйилаётган Ҳарбий жанговар самолётлар жиддий таъмирлаш ишларини талаб этади.
Бундай бизнеснинг моҳиятига келадиган бўлсак, Макиенконинг сўзларига кўра, бундай компаниялар бор ва уларнинг мижозлари давлат тузилмалари билан бир қаторда алоҳида шахслар, мисол учун коллекционерлар бўлиши мумкин.
"Қўшма Штатлар — жуда бой давлат ва у ерда техника ишқибозлари талайгина. Ёхуд уларни коллекция учун хусусий музейлар ҳам харид қилиши мумкин", — деб қўшимча қилди у.