"Бомбилалик" кимларгадир даромад, давлат учун - буромад

Oбуна бўлиш
Йўловчи ташиш хизматига талаб барча ҳудудда йил сайин ошиб бормоқда. Лекин йўловчи ташиш корхоналари ва автотранспортлар сони йил сайин камаймоқда

ТОШКЕНТ, 27 фев — Sputnik. Ноқонуний киракашлик кимларгадир даромад, давлат учун — буромад. Вилоятда 2015 йилда 3300 йўналишли такси фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 1732 та. Тўғри, Самарқанд шаҳрида автобуслар сонининг оширилаётгани бунинг ўрнини қоплар. Аммо бир қатор туманларда йўналишли таксилар сони қисқариб кетгани етмагандай, автобуслар қатнови ҳам, йўналишсиз таксилар фаолияти ҳам деярли мавжуд эмас, деб ёзади "Зарафшон" нашри.

Такси - Sputnik Ўзбекистон
Самарқандлик "бомбилалар" ҳеч кимдан қўрқмаслигини айтишади - ОАВ
Икки йил олдин Ургутда йўналишли ва йўналишсиз таксилар сони 560 та бўлиб, тумандаги йўловчи ташиш корхоналари сони ўнга яқин эди. Айни вақтда эса бундай автотранспортлар сони 80 та, холос. Йўловчи ташиш корхоналарининг ярмидан кўпи ёпилиб кетди. 2015 йил ташкил этилган айрим автобус йўналишларининг тақдири ҳам худди шундай якунланди. Савол туғилади, аҳвол шундай экан, аҳолининг жамоат транспорти ва таксига бўлган эҳтиёжи қандай қондирилмоқда?

"Бу ҳолат деярли барча туманларда мавжуд, – дейди "Самарқандтранс" маркази мутахассиси Эргаш Муродов. – Шаҳар ва туманлар, хусусан, чекка ҳудудларда янги йўналишларни йўлга қўйиш учун бизга маҳаллий ҳокимликларнинг тегишли тартибдаги мурожаатининг ўзи кифоя. Ана шундай мурожаатлар асосида ҳар йили аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, янги автобус йўналишлари очилмоқда".

Аммо афсуски, айрим ҳудудларда йўналишлар яна тугатилмоқда. Булардан энг биринчиси бу чекка ҳудудлардаги автомобиль йўлларининг сифатсизлигидир. Шавкат Мирзиёевнинг яқинда қабул қилинган "Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ҳам йўл қопламаларини биринчи навбатда қишлоқ жойларда яхшилаш кўзда тутилгани бежизга эмас.

Йўлда олиб борилаётган таъмирлаш ишлари - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистонда энди ўнқир-чўнқир йўллар бўлмайди - Мирзиёев фармони
Иккинчи ва энг оғриқли муаммолардан бири бу – ноқонуний тарзда йўловчи ташувчиларнинг кўпайиб бораётгани. Бундай ҳолат йўловчилар олдида ҳеч қандай мажбуриятга эга бўлмаган, бирор бир йўловчи ташиш корхонасида рўйхатдан ўтмаган таксилар ҳамда тегишли тартибда лицензияга эга бўлган, хавфсизлик қоидаларига амал қилиб келаётган, ойлик тўловларни ўз вақтида амалга ошираётган йўловчи ташувчилар ўртасидаги ноҳалол рақобатни юзага келтирмоқда.

Дарҳақиқат, ҳозирги пайтда биргина Паст Дарғом туманида лицензияга эга йўналишли таксиларнинг ўзи 400 тадан ортиқ бўлгани ҳолда бошқа кўпгина туманларда жами йўналишли ва йўналишсиз таксиларнинг сони бармоқ билан санарли ёки умуман мавжуд эмас. Ҳолбуки, бошқа туманларда ҳам худди шу хизматдан аҳоли фойдаланяпти.

"Энди тасаввур қилинг, мутахассиснинг билдиришича, битта туманда айни вақтда тахминан 500 тадан 1000 тагача такси ноқонуний тарзда фаолият кўрсатаяпти. Агар 500 та ҳисоблаган тақдиримизда ҳам 16 та туман, шаҳарда 8000 нафар лицензиясиз ҳайдовчи бор. Агар уларнинг ҳар бири кунига ўртача 50 минг сўмлик хизмат кўрсатса, кунига 400 миллион сўм нақд пул ноқонуний айланаётгани ойдинлашади. Бир ойда эса бу маблағ 12 миллиард 500 миллион сўмни ташкил этади. Умуман, аҳолига транспорт хизмати кўрсатишни тўлиқ қонунийлаштирсак, яратиладиган иш ўринларининг ўзи 8000 тадан ошади. Уларга хизмат кўрсатувчи йўловчи ташиш корхоналари сони ҳам ўн-йигирма бараварга ортади. Энг муҳими, аҳолига сифатли ва кафолатланган хизмат кўрсатилади.

Юқоридаги ҳуқуқий ҳужжатда 2018 йил 1 июлгача бўлган муддатда вилоятлар марказларида шаҳар йўловчилар ташиш транспортида йўлкира учун нақд пулсиз ҳақ тўлаш тизими босқичма-босқич жорий этилиши кўзда тутилган. Ушбу муддатга қадар йўловчи ташишни тўлиқ нақдсиз шаклга ўтказиш учун табиийки, ҳозирдан тайёргарликни амалга ошириш лозим.

Автобус - Sputnik Ўзбекистон
Нукусда автобус ва йўналишли таксилар учун жетонлар чиқарилади
Самарқанд шаҳрида йўналишсиз таксиларда терминал бўлиши шартлиги ўтган йилиёқ мажбурий этиб белгиланган эди. Аммо орадан шунча вақт ўтди ҳамки, бунинг ижросини кўрмаяпмиз. Аслида бугунги кунда терминал ўрнатилмаган таксига лицензия берилмайди. Ундай бўлса, қандай қилиб терминалсиз таксилар бемалол фаолият кўрсатаяпти дея "Самарқандтранс" марказига мурожаат қилганимизда "Айни вақтда шаҳардаги таксиларнинг 80 %и терминалга эга. Аммо кўпчилик ҳайдовчилар уни ишлатмаяпти", деган жавобни олдик.

Дарҳақиқат, бир неча такси ҳайдовчилари билан суҳбатлашганимизда пластик карта орқали ҳисоб-китоб қилиш ортиқча вақтни олишини билдиришди. Аммо бу баҳона қоидабузарликка асос бўлиши тўғримикан? Қолаверса, таксида йўловчиларга якка ҳолда хизмат кўрсатилади. Нега унда айни вақтда вилоятимизда жамоат транспорти, аниқроғи Пайариқ – Шоҳизинда йўналишидаги 12 та автобусда йўловчиларга терминал асосида муаммосиз хизмат кўрсатилмоқда?

"Бизнинг йўналишга синов мақсадида "Самарқандтранс" маркази томонидан терминал ўрнатилди, – дейди "Зилола Ўктам қизи" масъулияти чекланган жамиятига қарашли Пайариқ – Шоҳизинда йўналиши автобуси ҳайдовчиси Хуршид Отабоев. – Ҳозирча ҳеч қандай муаммо юзага келгани йўқ. Йўловчилар ҳам хизматимиздан мамнун. Яқинда ўқувчиларга ҳам қулайлик яратиш мақсадида йўналишимиз Пайариқ тиббиёт коллежигача узайтириб берилди".

Кўриниб турибдики, қоидаларни ҳурмат қилган корхона нақдсиз ҳисоб-китоб асосида ҳам хизмат кўрсатса бўлади. Қолаверса, йўловчи ташишда ушбу қулайликнинг яратилиши ўз-ўзидан ноқонуний йўловчи ташувчилар фаолиятига барҳам бериши мумкин.

Чунки терминал ишлатиш учун аввало, лицензия олиш керак.

Ўзбекистон автосаноати - Sputnik Ўзбекистон
Ўзбекистон автосаноатининг кечаси, бугуни ва эртаси
Демак, вилоятда аҳолига транспорт хизмати кўрсатишда ҳали талай муаммолар мавжуд. Муҳими, эндиликда уларга барҳам беришнинг механизми мавжуд. Дарвоқе, вилоятимизда 2017-2021 йилларга қадар чекка ҳудудларда 26 та янги автобус йўналишлари қўйилиши, 17 та автостанциялар қурилиши режалаштирилмоқда.

Айни вақтда вилоят ҳокимлиги томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳ барча туман ва шаҳарлардаги йўлларнинг аҳволи, транспорт ва йўналишлар, бекатлар ва станцияларга эҳтиёж бўйича ўрганиш ўтказмоқда. Йўловчи ташиш тизимини ривожлантиришда ушбу маълумотлар, аҳолининг талаб ва эҳтиёжлари, маҳаллий ҳокимликларнинг таклифлари ҳам инобатга олинади, деб ўз мақоласига якун ясаган нашр мухбири Анвар Мустафақулов.

Янгиликлар лентаси
0