ТОШКЕНТ, 16 фев — Sputnik. Ўзбекистон президенти 2017-2018-йилларда минтақавий автомобил йўлларини ривожлантириш дастурини тасдиқлади, деб хабар қилди Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
Ҳужжатга кўра, 2017-2018-йилларда 5454 километр, жумладан, 2017-йилда — 2700 километр, 2018-йилда — 2754 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобил йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овулларнинг кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш белгиланган.
Хабарга кўра, мавжуд республика хўжаликлараро қишлоқ автомобил йўллари, шаҳарлар, шаҳар посёлкалари, қишлоқ ва овуллар кўчаларини босқичма-босқич хатловдан ўтказиш ва уларни паспортлаштириш, бу борадаги ишлар натижалари бўйича электрон маълумотлар базаси яратилади.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 295 километр, Андижон вилояти бўйича — 324 километр, Бухоро вилояти бўйича — 439 километр, Жиззах вилояти бўйича — 222 километр, Қашқадарё вилояти бўйича — 679 километр, Навоий вилояти бўйича — 216 километр, Наманган вилояти бўйича — 309 километр, Самарқанд вилояти бўйича — 479 километр, Сурхондарё вилояти бўйича — 535 километр, Сирдарё вилояти бўйича — 267 километр, Тошкент вилояти бўйича — 516 километр, Фарғона вилояти бўйича — 520 километр, Хоразм вилояти бўйича — 321 километр ва Тошкент шаҳри бўйича — 332 километр йўллар ва кўчаларни таъмирлаш назарда тутилган.