ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев жойларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши билан яқиндан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида бугун Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.
Қашқадарёга сафари давомида Шавкат Мирзиёев Қарши туманида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги истиқболли лойиҳалар билан танишди. Бу ҳақда uz24.uz хабар берди.
"Нишон кўзгу" кўп тармоқли фермер хўжалиги томонидан Қарши шаҳрида чорва молларини автоматизациялашган кушхона, гўштни сақлаш ва қадоқлаш комплекси ташкил этилмоқда. Бунинг учун хориждан замонавий ускуналар олиб келиб ўрнатилган.
Замонавий кушхона ва музлаткич озиқ-овқат маҳсулотларининг мўл-кўллиги ҳамда хавфсизлигини таъминлайди. 100 дан ортиқ иш ўрни яратилади.
Президент бундай кушхоналарни барча ҳудудларда ташкил этиш, ветеренария ва санитария хизматларини яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Яккабоғ туманида ташкил этилаётган "Қорабайир отчилик мажмуаси" хўжалиги наслчиликни сақлаш ва ривожлантириш, қорабайир зотли отларни кўпайтиришга ихтисослашган. Мажмуада 200 тагача йилқи боқилиб, ички ва ташқи бозорларга сотилади. Қирқдан ортиқ киши иш билан таъминланади.
Давлат раҳбари Косон туманида барпо этиладиган чорвачилик комплекси лойиҳасини кўздан кечирди. Икки минг бош қорамол боқишга мўлжалланган замонавий типдаги чорвачилик комплекси нафақат вилоят, балки мамлакатнинг бошқа ҳудудлари аҳолисини ҳам гўшт ва сут билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Умумий қиймати 14 миллиард сўм бўлган лойиҳани келгуси йилнинг биринчи чорагида тўлиқ ишга тушириш режалаштирилган.
Мажмуа қурилиши учун 12 гектар, чорва молларига озуқабоп экинлар етиштириш учун 750 гектар ер майдони ажратилади. Бу ерда йилига 4 минг 280 тонна сут ва 210 тонна гўшт етиштириш, 140 иш ўрни яратиш кўзда тутилган.
Президент чорвачилик комплексига хориждан наслдор қорамоллар олиб келиш, уларни зарур технологиялар асосида парваришлаш, етиштирилган маҳсулотни шу ернинг ўзида қайта ишлашни йўлга қўйиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Мутахассисларга зарур тавсиялар берди.
Қамаши туманида 5 минг бош курка боқишга мўлжалланган мажмуа ташкил этилади. Замонавий технологиялар ўрнатиладиган мажмуада йилига 20 минг бош курка жўжаси етиштирилиб, аҳолига етказиб берилади. Уни жорий йилнинг декабрь ойида ишга тушириш, 30 иш ўрни яратиш мўлжалланмоқда.
Давлат раҳбари мазкур лойиҳа ҳар бир хонадонга 100 тадан жўжа тарқатиш ва оилалар даромад манбаини яратишда муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев Таллимаржон сув омборининг табиий ҳавзасида балиқ етиштириш лойиҳаси билан ҳам танишди.
Янги агрофирма вилоятдаги балиқчилик хўжаликларига ўз фаолиятини самарали ташкил этиши учун машина-механизм хизматлари, балиқ увилдириқлари, омухта ем етказиб беради. Етиштирилган балиқни сотиш ёки қайта ишлашни ташкил этишда ҳам кўмаклашиши кўзда тутилган.
Агрофирмада балиқ увилдириқлари етиштирилиб, сув омборига ўтказилади. Бу ерда балиқ чавоқлари етиштирувчи инкубацион цех, 600 тонналик музлаткич, балиқ маҳсулотларини қайта ишловчи корхона, 800 тонна махсус омухта ем ишлаб чиқарувчи цех ташкил этилиши режалаштирилган. Йилига 500 тонна балиқ қайта ишловчи агрофирмада 90 иш ўрни ташкил этилади.
Қашқадарё вилоятида йил бўйи балиқ боқиш, кўпайтириш ва аҳолига етказиб бериш, экспортни йўлга қўйиш имкониятлари мавжудлиги таъкидланди. Бундай агрофирмалар ушбу соҳани янада ривожлантириш, янги иш ўринлари ташкил этиш, мамлакатимизнинг озиқ-овқат дастури ривожига муҳим ҳисса қўшиши қайд этилди.
Қамаши туманида қуён етиштириш, қуён гўшти ва терисини қайта ишлашга ихтисослашган хўжалик ташкил этилмоқда. "Қамаши момиқ қуёнлари" агрофирмаси томонидан амалга оширилаётган ушбу лойиҳа самарасида 30 минг бош қуён етиштирилиб, йилига 120 тонна гўшт ва 40 минг дона жун тайёрланади.
Хўжаликда 30 киши ишлайди. Бундан ташқари, қуёнлар 500 хонадонга тарқатилади. Аҳоли парҳез гўшт ва қўшимча даромад билан таъминланади.