Мирзиёев Қашқадарёда ишга тушириладиган янги лойиҳалар билан танишди

© AFP / POOL / Anvar Ilyasov Шавкат Мирзиёев
Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Президент Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида янги қурилаётган объектлар, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган ишлаб чиқариш корхоналари лойиҳаларини кўздан кечирди

ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида янги қурилаётган объектлар, аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қиладиган ишлаб чиқариш корхоналари лойиҳаларини кўздан кечирди, деб ёзади uz24.uz.

Президент Қарши туманида енгил саноатни ривожлантириш борасидаги янги лойиҳалар билан танишди.

Биринчи лойиҳа — 2017-2019 йилларда вилоятда енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корхоналарни ташкил этиш ва мавжудларини модернизация қилиш бўйича манзилли дастур бўлиб, унда 17 корхона ташкил этиш режалаштирилган. Дастур доирасида 3000 га яқин иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

Мазкур корхонанинг ишга туширилиши ҳудудда етиштирилаётган пахта толасини шу ернинг ўзида қайта ишлаш, аҳолининг реал даромадларини ошириш имкониятини яратади. Йилига 22 минг тонна рақобатбардош аралаш ип калава ва 50 миллион квадрат метр ип газлама ишлаб чиқариш режалаштирилаётган корхона маҳсулотларининг 80 фоизи экспортга йўналтирилади.

Шавкат Мирзиёев шунингдек, Яккабоғ туманидаги собиқ "Яккабоғ текс" корхонаси негизида барпо этилаётган "Universal Taraqqiyot Tekstil" қўшма корхонасига қўшимча инвестиция киритиш лойиҳаси билан ҳам танишди.

Корхонада вилоятда етиштирилган пахта толаси қайта ишланиб, мато ва чойшаблар ишлаб чиқарилади. 400 иш ўрни яратилиши кўзда тутилаётган корхона тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига 6 миллион квадрат метр мато, 2 миллион жуфт ётоқ чойшаблари тайёрланади.

Қарши шаҳридаги собиқ пахта тозалаш заводи негизида ташкил этилаётган "Wood Décor Production" қўшма корхонаси замонавий ва энергия тежамкор технологик ускуналар билан жиҳозланмоқда.

Швейцариянинг машҳур "Rieter", Япониянинг "Murata", "Yamata", Германиянинг "Mayer" компанияларининг юқори самарадорликка эга дастгоҳлари ўрнатилаётган корхонада дунё бозорида рақобатбардош сифатли ип калавадан тортиб тайёр маҳсулотгача ишлаб чиқарилади.

Президент тақдим этилаётган лойиҳа самарадорлигини ошириш юзасидан мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.

Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Шавкат Мирзиёев халқ билан мулоқот қилиш мақсадида Қашқадарёга ташриф буюрди

Ғузор туманидаги собиқ пахта тозалаш корхонаси негизида газлама ишлаб чиқаришга мўлжалланган инвестиция лойиҳаси билан танишар экан, давлат раҳбари янги иш ўринлари яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.

Лойиҳа ишга тушгач 600 иш ўрни яратилади.

Пахта экин майдонларини оптималлаштирилиши ва ишнинг мавсумийлигини ҳисобга олиб, "Ўзпахтасаноатэкспорт" холдинг компанияси тизимда меҳнат қилаётган ишчи-ходимлар бандлигини таъминлаш, қўшимча даромад олиш мақсадида Қашқадарё вилоятидаги ёғ-мой корхоналарининг бўш майдонларида янги инвестициявий лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Косон туманида ташкил этиладиган мева-сабавотларни қуритиш цехи шулардан бири. 100 дан зиёд иш ўрни яратиладиган корхонада 10 минг тонна маҳсулот қайта ишланади. Қарши шаҳрида ташкил этиладиган музлаткичда 500 тонна қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сақланади. Ўн иш ўрни яратилаётган омборхона жорий йилда фойдаланишга топширилади.

Президентга Қарши туманида ташкил этиладиган 20 минг парранда боқиш режалаштирилаётган мажмуа лойиҳаси ҳақида ҳам сўзлаб берилди. Йил давомида аҳолини сифатли парҳез гўшт маҳсулотлари билан таъминлашга мўлжалланган мажмуа фаолият бошлагач 22 киши доимий иш жойига эга бўлади.

Янгиликлар лентаси
0