ТОШКЕНТ, 18 фев — Sputnik. "Ўзбекистон Президентининг пул муомаласини янада такомиллаштириш ва банк пластик карталаридан фойдаланган ҳолда ҳисоб-китобларни ривожлантиришга қаратилган қарорига мувофиқ агарда чакана савдо ва пуллик хизмат кўрсатиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари томонидан сотилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматлар учун нақд пул ёки пластик карточкалар орқали тўлов шаклига қараб нархларни сунъий равишда ошириш ёки пасайтириш ҳолатларига йўл қўйилса, бу ҳисоб-китоб терминалларидан фойдаланишнинг белгиланган тартибини бузиш деб ҳисобланиб, энг кам иш ҳақининг 30 баробари миқдорида жарима қўлланишига сабаб бўлади", — деб хабар қилди "Даракчи" нашри.
Давлат солиқ қўмитасига белгиланган тартибда мазкур масалалар бўйича тадбиркорлик субъектларида, биринчи навбатда савдо комплексларида, чакана савдо ва хизмат кўрсатиш корхоналарида доимий равишда назорат тадбирлари ўтказиб бориш вазифаси юклатилган.
Қарор талабларидан келиб чиққан ҳолда Марказий банк томонидан ҳисоб-китоб терминаллари билан жиҳозлаш ва улардан амалий фойдаланишларини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратишни назарда тутган ҳолда хисоб-китоб терминалларини ижарага бериш ва уларни тадбиркорлик субъектларига реализация қилиш механизмларини қайта кўриб чиқилади.
Давлат солиқ қўмитаси томонидан ҳуқубузарликларнинг олдини олиш мақсадида назорат-касса машиналари ва тўловларни пластик карточкалар орқали қабул қилиш имконини берувчи ҳисоб-китоб терминаллари ўрнатмасдан фаолият юритганлик учун жавобгарлик чоралари тўғрисида тадбиркорлик субъектлари ўртасида, шу жумладан оммавий ахборот воситалари орқали мунтазам равишда кенг тушунтириш, профилактик тадбирлари ташкил этилади.