ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. Куни кеча Малайзия полицияси КХДР етакчиси Ким Чен Иннинг акаси вафоти ҳақида хабар тарқатган эди. Қотиллик икки аёл томонидан содир этилган. Улар қурол сифатида "заҳарланган игналар"дан фойдаланишгани айтилмоқда.
Жанубий Корея Миллий разведка бошқармаси маълумотларига мувофиқ, айнан 2012 йилда Ким Чен Намга илк бор суъиқасд уюштирилган. Аммо у муваффақиятсиз кечган. Ўшанда Ким Чен Нам ўз иниси Ким Чен Инга мактуб ёзиб, ундан ўзини ва оиласини авф этишини сўраган.
"Мен ва оиламдан жазони бекор қилишингни хоҳлайман. Бизнинг борадиган жойимиз йўқ, биз қочиб қутулишнинг ягона йўли — бу суъиқасдга қўл уриш эканлигини биламиз". Ким Чен Намнинг ўз укасига йўллаган мактуби эҳтимолий матнидан Ренхап агентлиги иқтибос келтирган, деб ёзади РИА Новости.
АҚШ ҳукумати фикрича, Шимолий Корея раҳбарининг акаси Ким Чен Нам Малайзия аэропортида КХДР агентлари томонидан ўлдирилган.
Маълумот учун, Жанубий Корея ОАВлари КХДР раҳбарининг ўта ваҳшийлиги ҳақида мунтазам равишда хабар бериб туради. Мисол учун, 2015 йилнинг апрелида Ренхап агентлиги КХДР Ўрмон хўжалиги вазири мамлакатда ўрмонзорларни қайта тиклаш режасини барбод қилгани туфайли қатл қилинганини ёзган эди. Орадан бир ой ўтиб, худди шу агентлик Шимолий Корея Қуролли кучлар вазири Хён Ён Чхол ҳарбий тадбир давомида мудраб қолгани учун пулемётдан отиб ташлангани ҳақида оммани хабардор қилди.