ТОШКЕНТ, 28 май — Sputnik. Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Иннинг 1998 йилдан бери АҚШда яшовчи холаси ва ниҳоят узоқ йиллардан сўнг журналистларга интервью берди, деб хабар қилмоқда РИА Новости нашри.
Ко Ен Сукнинг тасдиқлашича, Ким Чен Ин ростдан ҳам 1984 йилда туғилган. Чунки унинг ўғли ҳам шу йил туғилган бўлиб, улар болаликда бирга ўйнашган.
"Биз яхши бир уйда яшардик, оиламиз бинойидек эди. Мен Ким Чен Ин ва унинг акаси Ким Чен Чхолюга худди онасидек эдим. Ким Чен Инга дўстларини уйга бошлаб келишни ва меҳмон қилишни тавсия этардим. Уни яхши ҳаётда яшашини истардим. Улар ширинликлар ер ва “Лего” ўйнашарди», — деб иқтибос келтиради Ко Ен Сук интервьюсидан нашр.
Аёлнинг қўшимча қилишича, у болалар билан бирга Париждаги Диснейлендга борган. Бундан ташқари, Шимолий Корея етакчиси Альпларда чанғи учган, Франциянинг Ривьерасида дам олган, итальян ресторанларида овқатланган. Ким Чен Ин ёшлигида техникага жуда қизиққан ва ҳамиша "нима учун кемалар сузади, самолётлар учади" деган саволга жавоб олишга уринган. Бундан ташқари мактабда таҳсил олган вақтларида баскетбол ўйига кўнгил қўйган ва кейинчалик афсонавий Майкл Жорданга мухлислик қилган. Ёз ойларини Ким Чен Ин она шаҳрида ўтказган, деб ёзилади мақолада.
"Ким Чен Ин безори эмасди, аммо у жуда қизиққон эди, унга сабр етишмасди. Онаси унинг ўйинга ҳаддан берилиб, ўқишга етарли вақт ажратмаётганини айтиб, койиган вақтларида, у гап қайтармасди, балки бошқача усуллар билан ўз норозилигини билдирар эди, мисол учун очлик эълон қиларди", — дея хотирлайди Ко Ен Сук.
Аёлнинг таъбирига қараганда, Ким Чен Инни "ёшлигидан шундай тарбиялашганки, у бир кун келиб ҳукмдорга айланишини билган", деб таъкидланади нашрда. Шимолий Кореянинг бўлғуси раҳбари саккиз ёшга тўлганида, унинг туғилган кунига олий қўмондонлик бошқаруви вакиллари келишган. Ким Чен Инга "ҳақиқий генераллар унга генерал формасини совға қилишган ва таъзим бажо келтиришган, ўша вақтлардан буён ўша генераллар Ким Чен Инга содиқ", деб ёзади нашр Ко Ен Сукнинг ҳикоясига асосланган ҳолда.