ТОШКЕНТ, 28 янв — Sputnik. Лицей ва коллежларни тугатган ёшларнинг аксарияти ўқишни давом эттириш мақсадида олий ўқув юртларига ҳужжат топширади. Ота-оналар эса фарзандининг нуфузли олийгоҳларда таълим олишини хоҳлайди. Афсуски, уларнинг бу хоҳишларидан айрим кимсалар ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишни кўзлайди. Самарқанд давлат университети ўқитувчилари Умиджон Абдураҳмонов ва Орифжон Маматқуловлар шундайлардан бўлиб чиқди, деб ёзади "Зарафшон" нашри.
Қолаверса, О.Маматқулов абитуриентлар ҳақида маълумотларни Давлат тест марказига киритиш, тест қайдномалари, ҳужжатлари ва материалларни тайёрлаб берувчи компьютерчилар гуруҳининг аъзоси. Унинг айнан шу лавозимда ишлаши қўлини совуқ сувга урмай, мўмай даромад топиш учун ўзига хос йўл очди.
Бундай имкониятдан фойдаланиб қолиш учун У.Абдураҳмонов билан хуфиёна режа тузди ва ҳар қандай йўл билан бўлса-да, фарзандини ўқишга киритишни истовчилар хоҳишини катта манфаатдорлик эвазига қондиришга киришишди. Шу мақсадда ўтган йилнинг июль ойида У.Абдураҳмонов ва режани амалга оширишга кўмакка келган университет талабаси Элбек Эргашев фарзандини ўқишга киритиб қўйиш шарти билан икки кишидан 16000 АҚШ доллари талаб қилади.
Мазкур фирибгарлик ва тамагирлик иши жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўриб чиқилди. Оқибатда улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан турли муддатларга озодликдан маҳрум этилдилар.
Албатта, осонлик билан катта пул топиш ҳаммани ҳам қизиқтиради.
Аммо бу мақсадга етишиш учун тамагирлик йўлини танлаш ҳеч қачон кечирилмайди. Ёмони, нопок ишга қўл урган юқоридаги кимсалар ўзларига ҳам, нуфузли олий таълим маскани шаънига ҳам доғ туширдилар.