ТОШКЕНТ, 11 мар — Sputnik. Ўзбекистон Статистика қўмитаси мамлакатда порахўрлик хусусиятларини аниқлаш мақсадида коррупция ишлари мониторингини ишга туширди. Савол-жавоб Ўзбекистон фуқаролари ўртасида аноним тарзда 10 апрел санасига қадар муассаса расмий сайтида ўтказилади.
Статистика қўмитаси анкета савол-жавоблари натижаси ёрдамида Ўзбекистонда порахўрлик даражасини пасайтириш усулларини ишлаб чиқмоқчи.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоизки, Марказий Осиё бўйича порахўрлик даражаси кўрсаткичи энг паст давлат – бу Ўзбекистон.
Коррупция кўрсаткичи унча юқори бўлмаса-да, ҳукуматимиз бу иллатни тубдан йўқотиш тизимини янада такомиллаштиришда давом этмоқда.
Швейцария давлати томонидан тузилган Basel Anti-Money Laundering Index рейтингида Ўзбекистон Марказий Осиё бўйича порахўрлик даражаси кўрсаткичи энг паст бўлган давлат сифатида кўрсатилган.
Рейтинг дунёнинг 150 мамлакатида ўтказилган савол-жавоб натижасида эълон қилинган.
Порахўрлик учун Ўзбекистон қонунчилигида қатъий жазо чоралари белгилангани — ушбу иллат юртимизда томир олиб кетмаслигига сабаб бўлмоқда, деб таъкидлаш мумкин.