ТОШКЕНТ, 19 янв — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди диний экстремизм ғояларини тарғиб қилган Пайариқ туманилик уч нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарди, деб хабар берди Sputnik мухбирига суддаги манба.
Пайариқ туманида яшовчи 45 ёшли Толибжон Ҳакимов, 37 ёшли Ҳотам Салоҳиддинов ва 27 ёшли Обид Содиқов яширин диний гуруҳ тузади. Улар аҳоли орасида видеолавҳалар, матн ва экстремистик руҳдаги ғояларни тарқатиш орқали диний экстремизмни тарғиб қилишади.
"Истанбулдаги "Ихсан илм" мадрасасидаги раҳнамолари, Суриядаги "Котибатул Имом ал-Бухорий" террорчилик ташкилоти томонидан тайёрланган экстремистик материаллардан илҳом олган гуруҳ аъзолари Ўзбекистонда ИШИД намунаси бўйича "халифалик" тузиш фикрига тушади.
Улар ташвиқот мақсадида шунингдек, "Ислом давлати" террорчилик ташкилоти сафида жанг қилаётган Абдулло Бухорий лақабли шахснинг даъватларидан фойдаланишади.
Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизмати ходимларининг тезкор тадбирлари натижасида гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Махсус хизмат ходимлари уларнинг уйларидан экстремистик адабиётлар ва Ўзбекистон конституцион тузумини зўрлик билан ағдариш ҳамда "халифалик" ташкил этишга даъват қилинган электрон материалларни топдилар.
Айбланувчилар судда барча айбларига иқрор бўлишди. Ҳотам Салоҳиддинов ва Обид Содиқовларнинг ҳар бирига 5 йилу 6 ойдан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Толибжон Ҳакимов 5 йилга озодликдан маҳрум этилди.