ТОШКЕНТ, 17 янв — Sputnik. Истанбулдаги тунги клубларнинг бирида теракт содир этганликда гумонланиб қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Абдулқодир Машарипов ўз айбига иқрор бўлди, деб хабар қилган сешанба куни Истанбул губернатори Васип Шахин. РИА Новости хабари асосида.
Илгарироқ Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим Истанбулда террорчининг қўлга олингани ҳақида хабар қилган эди.
Шахин жиноятчини қўлга олиш учун Туркия полициячилари жуда катта ишларни амалга оширганликларини айтиб ўтган.
"Ташқи камералардаги 7200 соатлик видеоматериаллар обдон ўрганилди. Ушбу операцияда 2 минг нафар полициячилар иштирок этишди. Махсус операция нафақат Истанбулда, балки — Конье, Хатай, Измир шаҳарларида ҳам олиб борилди. 152 манзил бўйича қидирув ишлари ўтказилди, бу иш давомида 50 нафар шахс қўлга олинди, қурол-яроғ ва бошқа ашёвий далиллар тортиб олинди", — дея қўшимча қилган губернатор.
Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, Машарипов террорчилик уюшмалари билан алоқадор бўлиши мумкин. Ўзбекистон фуқароси билан биргаликда уч нафар аёл ва ироқлик эркак қўлга олингани айтилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Истанбулдаги Reina тунги клубига Янги йил оқшомида қуролли ҳужум уюштирилган. Калашников автомати билан қуролланган террорчи клубни қўриқлаётган полициячини отиб ўлдирган ва клубдаги одамларга қарата ўт очган. Туркия ИИВ маълумотларига мувофиқ, ушбу теракт оқибатида 39 киши ҳалок бўлган, 69 нафар шахс яраланган. Рейтер агентлиги эса "Ислом давлати" террорчилик уюшмаси ушбу теракт учун жавобгарликни ўз бўйнига олганлигини хабар қилган эди.