ТОШКЕНТ, 11 янв — Sputnik, Сергей Лютых. "Ангарлик маньяк", "Тозаловчи" лақаблари билан машҳур россиялик собиқ милиция ходими, ваҳший қотил Михаил Попков қурбонлари сони 81 нафар бўлиши мумкин, деб ёзган РИА Новости ахборот агентлиги.
Нашр хабарига кўра, Иркутск вилоят судида Попковнинг СИЗОда қолдирилиш муддатини узайтириш масаласини кўрилган. Агар Попков чиндан ҳам 81 нафар аёлни ўлдиргани исботланса, у Россия ва СССР тарихидаги энг қонхўр қотилга айланади, деб таъкидланган нашрда.
Қотил гапларига аввалига ҳеч ким ишонмаган
Нашрда айтилишича, 22 қотиллик ва икки бор оғир тан жароҳати етказганликда айбланган Попков 2015 йилнинг 14 январида умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилинган. Аммо ўша вақтлардаёқ қотил яна ўнлаб қотилликларни содир этганлигини маълум қилган. Собиқ милиция ходимининг сўзларига ўшанда ҳеч ким жиддий эътибор қилмаган. Чунки, фош қилинган қотилларнинг аксарияти "ёмон ном қозониш" мақсадида қилмаган қотилликларни ҳам ўз бўйниларига олишлари одат тусига айланган эди…
Россия Тергов Қўмитасининг Иркутск вилояти бўйича бошқарма раҳбари катта ёрдамчиси Карина Головачеванинг айтишича, яна 12 нафар кишининг ҳалок бўлгани ҳақидаги маълумотлар устида текширув ишлари давом этмоқда. Яъни "Ангарлик манъяк" 22та қотилликдан ташқари яна 59 нафар одамни ўлдиргани ҳақида иқрор бўлган.
Шу тариқа, погонли маньяк туфайли 81 нафар кишининг ҳаёти фожиавий якун топган бўлиши мумкин. Ҳозирда ўз тасдиғини топмаган 12та қотиллик ҳисобга олинмаган тақдирда ҳам "ангарлик маньяк"ни Россия ва СССР тарихидаги энг қонхўр қотил деб аташ мумкин. Таққослаш учун: маньяклар орасида энг ваҳший деб аталиб келинган Андрей Чикатило 53 қотиллик "муаллифи" бўлган.
Мелиса ва гўрков
Қонхўр қотилларга хос равишда Попков ҳаёт тарзи ҳам икки хил кечган. Онаси, рафиқаси ва қизи узоқ вақтларгача терговчиларга ишонишмаган ва СИЗОга озиқ-овқат, тасалли сўзлари ёзилган мактубларни ташишган. Аммо "ангарлик қотил" қўлга олингани ҳақидаги маълумотлар ОАВларда тарқала бошлагач, қотилнинг қариндошлари зудлик билан ўз турар жойларини ўзгартиришга ва шаҳар аҳолиси ўч олишга улгурмай туриб "ғойиб" бўлишга мажбур бўлишди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбанинг сўзларига кўра, Попков ўз хизмат фаолиятида алоҳида хизматлари билан ажралмаган. Бир сутка ишлаб, уч кун дам олган. Қотил ўзининг бўш вақтидан унумли фойдаланган ва танишлари у ҳақда билдирган иқрорларга кўра, сайр қилишни, чанғида учишни ҳамда турли таомлар тайёрлашни хуш кўрган.
Шу боис, Попков машинасининг багаж қисмида турли-туман асбоблар, жумладан, арранинг мавжудлиги ҳеч кимда шубҳа уйғотмаган. "Йигит кишига қирқ ҳунар ҳам оз" деган мақолни руслар ҳам эшитган ва Попков "қўли гул йигит" деган хаёлга борган бўлсалар ажабмас…
Бундан ташқари, маньяк мунтазам равишда жисмоний машқлар билан шуғулланган ва ҳатто, биатлон бўйича спорт устаси унвонига сазовор бўлган.
ИИВдан ишдан бўшагач, Попков қўриқчилик қилган. Маньякнинг отаси қабристонда ишлаган ва шу боис, ўғил ўз отасига 8 ёшидан бошлаб қабрларни қазишда ёрдам бериб келган.
Тозаловчи
Ваҳший қотилнинг барча қурбонлари — аёллар. Улар ўз хоҳишларига асосан қотил машинасига чиққанлар. Шундан сўнг Попков йўловчи аёллар билан танишган ва бирга ҳордиқ чиқаришни таклиф қилган. Биргаликда алкогол истеъмол қилгач ўз қурбонларини жинсий алоқага ундаган ёки мажбурлаган, ва шундан сўнг ўлдирган. Попковнинг сўзларига кўра,у шу тариқа шаҳарли суюқоёқлардан тозалаган ва шу сабабдан ўз-ўзига "тозаловчи" деб лақаб ҳам қўйган.
Чикатилога етиб олиб, ҳатто ундан ўзиб ҳам кетган
Узоқ давом этган суриштирув ишлари
"Ангарлик маньяк"ни қидириш ишлари 20 йилча давом этган. Попков 2012 йилнинг июн ойида Владивостокка кетаётганида поезд купесида қўлга олинган. Операцияда спецназ жангчилари иштирок этган. Аммо маньяк ҳеч қандай қаршилик кўрсатмаган, аксинча, орадан кўп ўтмай тергов ходимлари билан ҳамкорлик қила бошлаган.
Қотил атрофида интернет оламида турли баҳс-мунозаралар айни авжида. Жумладан, интернет фойдаланувчилардан бири ўлим жазосига эълон қилинган мораторий бекор қилиниши керак, бундай аблаҳларга жамиятда ўрин йўқ", — дея фикр билдирган.
Яна бир фойдаланувчи эса бунга: "Гапингиз тўғри. Аммо кимдир қўлга олиниб, айбланиб, отувга ҳукм қилинса-ю, орадан 2 йил ўтиб унинг бегуноҳлиги (худди Хитойда каби, таҳр.) исботланса-чи? Ўлим жазоси — бу ўта нозик масала", — дея жавоб қайтарган…