ТОШКЕНТ, 3 янв — Sputnik. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой раҳбари Си Цзинпинга мактуб йўллади, деб хабар қилган Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизмати.
"Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Жаноби Олийларига
Жаноби Олийлари!
Ўзбекистон ва Хитой алоқалари кўп асрлик тарихга эга бўлиб, Буюк ипак йўли даврига бориб тақалади. Халқларимиз ўртасида азал-азалдан барқарор савдо-сотиқ, илм-фан ва гуманитар алоқалар йўлга қўйилгани, маданиятларимиз, анъана ва урф-одатларимиз бир-бирини бойитгани ҳақидаги кўплаб ёрқин мисоллар тарих саҳифаларига муҳрланган.
Изчил ва муттасил ривожланиб бораётган, жаҳонда улкан нуфуз ва таъсирга эга Хитой Ўзбекистоннинг яқин ва ишончли ҳамкоридир. Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар мустаҳкам анъанавий дўстлик, ўзаро англашув ва ҳурмат руҳида мунтазам ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари бугунги кунда аввало Сизнинг шахсий ташаббусингиз туфайли том маънода ҳар томонлама чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли мазмун касб этган ҳамкорликка айланди. Томонларнинг изчил ва қатъий саъй-ҳаракатлари натижасида мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида узоқ муддатли ва кўп қиррали ҳамкорлик шаклланди, давлатлараро ва ҳукуматлараро ташрифлар мунтазамлик касб этди.
Биз Сизнинг раҳбарлигингизда амалга оширилаётган ва чуқур ўйланган, вазмин ташқи сиёсат йўли, ягона Хитой сиёсати, терроризм, экстремизм ва айирмачиликка қарши курашиш борасидаги тадбирларни доимо қўллаб-қувватлаймиз.
Ўзбекистон БМТ, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар доирасида Хитой билан бундан кейин ҳам амалий ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор.
Савдо-иқтисодий, молиявий-техникавий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш борасида эришилаётган ютуқлар алоҳида эътиборга лойиқ. Ўзбекистонда иқтисодиётни ислоҳ этиш ва модернизация қилиш борасидаги энг муҳим дастурларни Хитой изчил қўллаб-қувватлаётганини юксак қадрлаймиз. Хитой кўмаги ва иштирокида саноат, энергетика, транспорт, телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги ва бошқа кўплаб соҳаларда кенг миқёсли юқори технологик инвестицион лойиҳалар амалга оширилди.
Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки фаолият бошлагани иқтисодий ҳамкорлигимиз учун янги имкониятлар очмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, Сизни, муҳтарам Си Цзиньпин жаноблари, оила аъзоларингиз ва яқинларингизни чин қалбимдан Янги йил билан табриклаб, мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, давлат раҳбари сифатидаги масъулиятли фаолиятингизга зафарлар, дўст Хитой халқига фаровонлик ва тараққиёт тилайман.
Чуқур эҳтиром билан, Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти".