ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. 15 декабр куни Ўзбекистон Республикаси Ҳукумат порталида Вазирлар Маҳкамасининг шахсий таркиби келтирилди.
Шунингдек, Иқтисодиёт вазири биринчи ўринбосари вазифасидан Молия вазирлигига ўтказилган Ботир Ходжаев ўрнига ҳам янги раҳбар тайинланган. Кун.уз нашрига кўра, Бекенов Сунатулла Ҳусанович Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазири Галина Каримовнанинг Макроиқтисодий параметрлар, молия-валюта баланси ва Республика инвестиция дастурлари масалалари бўйича биринчи ўринбосари ҳисобланади.
Суннатулла Бекенов 1971 йилда Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида туғилган. У 2005 йилгача "Ўзбекистон Қимматли қоғозлар депозитарийси" давлат корхонаси бош директори сифатида ишлаган. 2005-2007 йилларда Ўзбекистон Молия вазири ўринбосари, Вазирлар Маҳкамасининг ахборот-таҳлилий департаменти бошлиғи, 2008-2009 йилларда Вазирлар Маҳкамаси ижро аппарати раҳбари, 2009-2010 йилларда Иқтисодиёт вазири сифатида фаолият юритган.
2010-2015 йилларда Вазирлар Маҳкамасининг ижро этувчи аппарати бошқарувчиси сифатида ишлаган. 2015 йилдан шу кунгача Ташкилий-кадрлар масаласи бўйича Президент давлат маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаб келаётган эди.
Шунингдек, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 15 декабрдаги фармонига биноан Сирдарё вилоятига янги ҳоким тайинланган.
Шавкат Мирзиёевнинг 14 декабрдаги Фармонига мувофиқ Бош вазирнинг собиқ ўринбосари Зокиров Ботир Эркинович Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси лавозимига тасдиқланган. Шу муносабат билан Ботир Зокиров Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси раиси — Коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари комплекси раҳбари лавозимидан озод этилган.
Ўзбекистон президентининг 14 декабрдаги фармонига мувофиқ Шаропов Анвар Қурбонович Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси лавозимига тасдиқланди. Шу муносабат билан у Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат маслаҳатчиси ўринбосари — Ташкилий-кадрлар хизмати раҳбари лавозимидан озод этилган.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 6 декабрида Ўзбекистонда "Ўзбектуризм" компанияси тугатилиб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ташкил этилиши маълум қилинган эди.
2008-2016 йилларда Навоий вилояти ҳокими вазифасида фаолият юритган Эркинжон Турдимов Оқбўтаевич Сурхондарё вилоятига ҳоким этиб тайинланган. 2015-йилда Сурхондарё вилояти ҳокими этиб тайинланган Тожимурод Нормуродович Мамараимов вилоятнинг Қизириқ тумани раҳбарлигига ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24-сентябр куни Сурхондарё вилоятида беш туман ҳокими ишдан бўшатилган эди.
Шунингдек, бугун Бухоро вилояти ҳокими ҳам ўзгаргани маълум бўлди. Кун уз нашри хабарига кўра, 16 декабрь куни Халқ депутатлари Бухоро вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтган. Сессияда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Муҳиддин Турдиевич Эсонов Бухоро вилояти ҳокими лавозимидан озод этилган ва унинг ўрнига Ўктам Барноев вилоятнинг янги ҳокими этиб тайинланган. Эслатиб ўтамиз, асли бухоролик бўлган Ўктам Барноев Исоевич 2008 йилнинг апрелидан 2010 йилнинг декабригача Самарқанд вилояти ҳокими лавозимида фаолияти юритган. Ундан олдин, 2008 йилгача Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари бўлган.