ТОШКЕНТ, 16 дек — Sputnik. Москва шаҳар Миграция маркази матбуот-хизмати тарқатаётган хабарларга кўра, бундан кейин марказ томонидан мигрантларга бериладиган квитанцияларда махсус QR-код мавжуд бўлади.
"Бу махсус код ёрдамида Россиядаги Сбербанк бўлимлари ва банкнинг ўз-ўзига хизмат кўрсатиш терминалларида, шунингдек, "Сбербанк-онлайн" мобил дастури орқали патент тўловини осонликча амалга ошириш мумкин", — дейилган хабарда.
"Эндиликда, меҳнат мигранти Сбербанк кассаларида ушбу квитанцияни тақдим этадиган бўлса, банк оператори у ҳақдаги маълумотларни қўл ёрдамида киритмайди, балки уларни сканер ёрдамида "ўқийди". Бу ҳолат тўлов жараёнини енгиллаштиради ҳамда пул тўловида хатога йўл қўйилишининг олдини олади. Патентга тўловни терминал ёки мобил илова орқали амалга ошираётганда ҳам кодли квитанцияни аппарат сканери ёки гаджет экранига яқинлаштирилса кифоя, маълумот ҳисобга ўтади", — дейилган хабарда.
"Мигрантлар патент учун тўлов квитанциясини Миграция марказининг ўзида олиши ёхуд сайтда шакллантиришлари мумкин. Мустақил шакллантирилган ҳужжатларда ҳам махсус код бўлади", — дейилган марказ хабарида.