Муҳаммад Исмоил: "Матбуот фаол ишлаганда, виртуал қабулхонага ҳожат йўқ эди"

© Foto : из личного архива поэтаШоир Муҳаммад Исмоил
Шоир Муҳаммад Исмоил - Sputnik Ўзбекистон
Oбуна бўлиш
Муҳаммад Исмоилни шак-шубҳасиз авлод овози деб аташ мумкин. Шоир тинимсиз изланишда: янги чоп этилаётган китоблари, у томонидан ўтказилаётган ижодий учрашувлар бунинг яққол далилидир. Бундан ташқари, минглаб шеърият ихлосмандлари Муҳаммад Исмоил фаолиятини facebook ижтимоий тармоғи орқали ҳам кузатиб борадилар

ТОШКЕНТ, 24 ноя — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Муҳаммад Исмоил Раҳмонқулович 1964 йилнинг 13 мартида Сирдарё вилоятининг Ховос қўрғонида туғилган. 1986 йилда ЎзМУ журналистика факультетида таҳсил олган. Илк шеърий тўплами — "Тазарру саодати" 1991 йилда чоп этилган. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Робиндранат Тагор халқаро мукофоти совриндори, "Истиқлол тонги" мукофоти совриндори, шоир, ёзувчи, публицист.

- Илк ёзган сатрларингиз ёдингиздами?

— Ҳа, албатта. Олтинчи синф пайтларим эди. Бешинчи синфда ўқийдиган қизни кўз остимга олиб юрардим. Аммо кўзи кўзимга тушган заҳоти ўзимни қўярга жой тополмай беркинар, юрагим ҳаприқиб кетарди. Уни ортидан соядай эргашиб юрардим. Кечалари у яшайдиган уйнинг деразасини пойлардим. Зора, узоқдан бўлсаям  кўринсайди, дердим. У эса, дераза пардаларини ёпиб қўяр, мен эса парда ортидан унинг қорасини кўриб, завқланардим. Чироқ ўчгач, дераза юмилган кўзга ўхшаб қоларди.

Кўзи юмуқ дераза,
Тушлар кўриб, ором ол.
Қани, у қиз демаса,
Келган ўткинчи шамол.

Кўзингни оч дераза,
Кўнглим гулга айланган.
Қиз кўнглимга қараса,
Гулим унга аталган.

Қараса дунёда энг,
Зўр гулни у олади.
Қарамаса, гулларим

Шўра бўлиб қолади.

Бу менинг биринчи ёзган шеърим. Бу шеърни ўша қизнинг уйи атрофида, Ой ёруғида ёзганман. Ёзишимнинг сабаби, унга ёқишни жуда-жуда истардим. У қиз учун шеър ёзишга ҳам, қўшиқ айтишга ҳам, аълочи бўлишга ҳам тайёр эдим. Ҳамма мени мақтаса-ю, у қиз эшитса дердим. Мени, назарига илса, унга муносиб бўлсам деб орзу қилардим. Шу куч, шу шижоат билан туман, вилоят газеталарида шеърларим чоп этила бошлади. Мактабни аъло баҳоларга тугатдим. Шу шиддат билан дорилфунун талабаси бўлдим.

- Кўпинча, "севги-муҳаббат" туфайли шоир бўлганлар ҳақида эшитиб қолар эдим, демак, сизни ҳам шу тақдир четлаб ўтмаган экан-да?

Шавкат Мирзиёев - Sputnik Ўзбекистон
Шавкат Мирзиёевга ишонса бўладими?
- Болалигимдан шоиртабиат эдим. Худо пешонамга шу қисматни битган экан, шукур, нолийдиган жойим йўқ. Шу қиз туфайли шоир бўлдим десам, Худонинг тақдирига шак келтирган бўламан. Менимча, шоирлик битта қизни севиш билан амалга ошиб кетадиган жараён эмас. Худо, одамни шоир бўлиши учун кўп чиғириқлардан ўтқазади, кўп синайди, бошига машаққатлар солади, қалбини изтироблар қозонида обдон қайнатади. Шоирнинг юраги гоҳ минг градус бўлиб ёнади, гоҳ минус юз градус совуб кетади.

- Ижоднинг ҳаётингиздаги  ўрни қандай?

— Мен тирик диктафонга ўхшайман. Ниманидир эшитсам, кимнидир кўрсам, беихтиёр миямга ёза бошлайман ва хотирамга жойлаштираман. Ижод кундалик ҳаётимга айланган. Ижоддан ташқаридаги ҳаётим йўқ. Ижод шундай нарсаки, яқинлашганингиз сари у ҳам пешвоз келаверади, узоқлашсангиз, у ҳам сиздан узоқлашаверади. Ҳимолай чўққисига чиқмаган альпинистлар кўп бўлгани сингари, ижод чўққисига чиқмаган ижодкорлар ҳам кўп. Шуларнинг бири менман. 

- Бугунги кунда шоирларнинг ижод қилишида Ёзувчилар уюшмасининг роли қандай?

— Ўзбекистоннинг сиёсий, ижтимоий, маданий, маърифий ҳаётида жуда кўп ўзгаришлар бўлмоқда. Аммо, шоир-ёзувчилар бу ўзгаришларда фаол иштирок этаётгани йўқ. Масалан, Президентликка номзод Ш.М.Мирзиёев виртуал қабулхона очди. Агар матбуот фаол ишлаганда, газета, радио,телевидения одамлар дардини, муаммоларини ўз вақтида ёритиб борганда виртуал қабулхонага хожат йўқ эди.

Китоблар - Sputnik Ўзбекистон
Журналист нигоҳи: адабиёт ўгайланиб қолдими?

Ҳозир, виртуал қабулхона матбуот қилиши керак бўлган ишни бажараяпти. Ш.Мирзиёевнинг бу ташаббуси ҳамма матбуот ходимларига сабоқ бўлиши керак. Шу жумладан, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ҳам. Афсуски, виртуал қабулхона очилгандан, одамлар ўз мушкулотларини баралла айта бошлагандан кейин ҳам, матбуот жим. Ёзувчи, шоирлар ҳам жим. Умид қиламанки, Ш.Мирзиёев вақти келиб, матбуотни ҳам, бадиий сўз усталарини ҳам "гапиртириб" юборади.

- Оламда рўй бераётган воқеаларга муносабатингиз?

— Ер юзи, битта инсон танасига ўхшайди. Инсоннинг бирор жойи оғриса, баданнинг бошқа аъзолари ҳам азоб чекади. Америкада ким Президент бўлишининг Ўзбекистонга  таъсири бор. Суриядаги уруш ҳеч кимни бефарқ қолдираётгани йўқ. Европада нима бўлаётгани бизга аҳамиятсиз эмас. Америкада илм-фан ривожланаётган экан, бизда ҳам илм-фан ўша даражада ривожланмас экан, Америкага қарам бўлиб қолаверамиз. Ўзбекистон аввало илм-фан, билим салоҳияти  жиҳатидан дунё давлатлари билан тенгликка эришиши керак. Қайси давлатда олимлар, зиёлилар, муттафакирлар, донишмандлар кўп экан, ўша давлат энг кучли давлатдир. Кучсиз давлатлар, кучли давлатларга хизмат қилаверади, барча бойликларини ўз қўли билан элтиб бераверади. 

- Рус шоирлари ижодини ҳам кузатиб борасизми?

— Афсуски, ҳозирги замонавий рус шеърияти билан яқиндан таниш эмасман. Маяковский, Цветаева, Вознесенский, Евтушенко, Ахмадулиналарни севиб ўқийман. Евгений Евтушенко билан учрашиш энг катта орзуларимдан бири. Агар у одам мен билан учрашишга розилик билдирса, ўша заҳоти Москвага учиб борардим.

© Foto : из личного архива поэта Мухаммада ИсмаилаШоир Муҳаммад Исмоил китоби
Поэт Абдулла Арипов - Sputnik Ўзбекистон
Шоир Муҳаммад Исмоил китоби

- Айни кунда қайси асар устида ишлаяпсиз?

— Уч йилдан буён "Жолутга аталган тош" номли қисса ёзаяпман. Бу қонхўр, золим хукмдор ҳақидаги қиссадир. У Худодан қўрқмай, ўз подшолик даврида минглаб одамларни ўлдиради. Бир куни осмондан кичкинагина тошча келиб, унинг бошини қоқ иккига ёриб юборади. Инсоннинг жони омонат, Худо уни истаган пайтда, бир лаҳзада олиб қўйиши ҳақидаги қисса бу. Ҳаммамиз ҳам шундаймиз. Бугун бор, эртага йўқмиз. Бугун яхшилик қилиб қолмасак, эртага бошимизга дўзах азоби тушиши мумкин.

© Foto : из личного архива Мухаммада ИсмаилаКниги поэта Мухаммада Исмаила
Книги поэта Мухаммада Исмаила - Sputnik Ўзбекистон
Книги поэта Мухаммада Исмаила

- Спутник муштарийларига тилакларингиз?

— Авваломбор, Москвада ўзбек тилидаги сайт фаолият юритаётганидан хурсандман. Сабаби, рус ва ўзбек ижодкорлари ўртасидаги алоқаларни бу сайт тиклайди, деган умиддаман. Рус тили, ўзбек адабиёти билан жаҳон адабиёти ўртасида кўприк вазифасини ўташи мумкин. Рус адабиёти, дунё адабиётида биринчи ўринларда туради. Толстой, Достоевский, Гоголь ҳақиқий даҳо ёзувчилардир. Пушкин, Лермонтов, Есенин даҳо шоирлардир. Паустовский, Шукшинларга дунё адабиётида ҳеч кимни тенглаштириб бўлмайди. Шунингдек, рус журналистикаси мактаби дунё матбуотининг энг пешқадам мактабларидан биридир. Биз, бу мактабдан жуда кўп сабоқ олишимиз керак. "Спутникнъюс" муштарийларига, қардош рус халқи ижодкорларига ўзимнинг алангали саломимни йўллаб қоламан. Соғ бўлинглар!

Янгиликлар лентаси
0