ТОШКЕНТ, 21 ноя — Sputnik. Тошкентда кутилмаганда ёққан қор ва унинг кетидан тушган совуқ, аксарият кўчаларнинг муз билан қопланишига олиб келди, деб хабар қилмоқда Sputnik мкхбири.
Кун давомида кўчаларда тоза бўлган бўлсада, соат 4лар атрофида асфальт усти юпқа муз қатлами билан қоплана бошлади. Айниқса кичик ҳалқа йўлда автомобиллар ҳаракати мушкуллашди. Ушбу йўлдан ўтган Sputnik мухбири камида 10та ЙТҲ гувоҳи бўлди.
Тошкентда қиш, одатда, жуда қисқа ва қорсиз бўлгани туфайли аксарият ҳайдовчилар қишги шина ўрнатишмайди. Лекин бир йилда бир икки марта бўлиб турадиган яхмалак кўплаб ЙТҲлар сабачиси бўлиши мумкин.
Мухбиримиз кўз олдида баландликка кўтарилаётган Дамас автомобили айланиб кетиб, йўл четида турган бир неча автомобилларни шикастлади. Бундай об-ҳавода эҳтиёткор ҳайдовчилар ҳам бошқалар тажрибасизлиги туфайли зарар кўришлари жуда осон.
Лекин хавфли вазиятга қарамасдан, айрим ҳайдовчилар йўл хавфсизликни унутиб тезликни оширмоқда. Айнан шундай, ўзига ҳаддан ташқари ишонган, ҳайдовчилар кўп ҳолларда ЙТХ сабачилари бўлмоқда.
Шаҳар кўчаларида умумий ҳаракат тезлиги сусайиши ҳар бир светофор олдида 30 минутлик йўл тиқинлари пайдо бўлишига сабабчи бўлмоқда.
Бу вазиятдан такси ҳайдовчилари эпчиллик билан фойдаланиб қолишга уринишмоқда. Такси йўлкираси ҳақи бугун 30-40% га ошган.
Кун кечида шаҳар кўчаларига махсус техника ва йўл хизмати ходимлари чиқибасфальт устига қум сочмоқда. Ушбу чора бироз бўлсада вазиятни яхшилаши керак.
Об-ҳаво маълумотларига кўра, тунда ҳаво янада совуқроқ бўлади ва асфальт йўллар ҳақиқий яхмалакка айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Об-ҳаво —2…-4 даража совуқ бўлиши кутилмоқда.
Ушбу муносабат билан, Sputnik таҳририяти ҳурматли ҳайдовчилардан, айниқса қишда автомобил ҳайдаш тажрибаси кам бўлган ҳайдовчилардан, ўзингиз ва бошқалар ҳаёти, мол-мулкига ортиқча хавф солмаслик учун, шахсий автомобилдан имкон қадар камроқ фойдаланишга чақиради. Эҳтимол, бир кун метрода, автобусда ё таксида ишга бориб, бир неча миллион сўм тежаб қоларсиз…