ТОШКЕНТ, 19 ноя — Sputnik. 17-ноябр куни Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Самарқанд шаҳрига ташриф буюргани ҳақида хабар қилган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Туркия президенти 16-ноябр куни Покистонда бўлган эди. Парвоз олдидан Анқара халқаро аэропортида матбуот вакиллари билан учрашув ўтказган Туркия президенти "Биз ўзбек биродарларимиз билан муносабатларнинг янги саҳифасини очишни истаймиз" деб таъкидлаган.
Россия Фанлар Академияси Шарқшунослик институтининг катта илмий ходими Владимир Аҳмедов Sputnik Ўзбекистонга Эрдўғоннинг ушбу ташрифи Туркия етакчисининг мамлакат геосиёсий мавқеини мустаҳкамлаш истаги билан боғлиқ, дея фикр билдирган эди. "Эрдўғон Туркиянинг ички муаммоларини фаол ташқи сиёсат эвазига ёпиши лозим. У Ироқда, Сурияда фаол ҳаракат қилмоқда ва Ўзбекистон билан алоқаларни тиклаш истагида", — деб таъкидлаган эди эксперт.
Хўш, аслида-чи? Эрдўғон Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиёев билан ўтказган музокараларида нималар хусусида келишишга муваффақ бўлди? Ўзбекистон ТИВ матбуот-хизматининг бу борадаги ахборотини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Ҳурмат бажо келтирилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон 18-ноябр куни Ҳазрати Ҳизр мажмуига ташриф буюриб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти қабрини зиёрат қилдилар ва Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Ислом Каримов руҳи покига Қуръон тиловат қилинди.
Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев билан Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон ўртасида музокара бўлиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев Биринчи Президентимиз Ислом Каримов вафоти муносабати билан самимий ҳамдардлик йўллагани учун Туркия Президентига миннатдорлик билдирди. Ражаб Тойиб Эрдўғон Самарқандга ташриф буюриб, Юртбошимизнинг ёрқин хотирасига ҳурмат бажо келтиргани Ўзбекистон халқига юксак эҳтиром ифодасидир.
Ушбу ташриф Туркияда Ўзбекистон билан муносабатларни ривожлантиришга катта аҳамият берилишидан далолат экани қайд қилинди.
Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчилар қаторида тан олган
Ўзбек ва турк халқлари кўп асрлик умумий тарих, ягона тил ва дин, муштарак қадриятлар ва ўхшаш урф-одатлар билан бир-бирига чамбарчас боғланган.
Ражаб Тойиб Эрдўғон Туркия Ўзбекистонни Марказий Осиёдаги устувор шерик деб билишини, мамлакатимизнинг ижтимоий-сиёсий барқарорлиги ва иқтисодий тараққиёти изчил давом этишига ишончи комил эканини алоҳида таъкидлади.
Икки мамлакатнинг бугунги муносабатлари Ўзбекистон ва Туркиянинг имконият ва салоҳиятига мос эмаслиги, ушбу учрашув ҳамкорликнинг янги саҳифаларини очиш масалалари юзасидан батафсил фикр алмашиш учун қулай имконият экани қайд этилди.
Музокарада Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги ўзаро ишонч муҳитини мустаҳкамлаш масаласи муҳокама қилиниб, ташқи сиёсат маҳкамалари ўртасида мунтазам маслаҳатлашувлар ташкил қилиш, халқаро ташкилотлар доирасида бир-бирини қўллаб-қувватлаш тўғрисида фикр алмашилди.
Ўзбекистон Ислом ҳамкорлик ташкилоти фаолияти доирасида Самарқандда Имом Бухорий халқаро тадқиқотлар марказини таъсис этиш таклифини илгари сурди. Томонлар ИҲТнинг Туркиядаги Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази бу ташаббусни қўллаб-қувватлаганидан мамнуният изҳор қилдилар.
Суҳбат чоғида савдо-иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Туркия Ўзбекистоннинг анъанавий ва муҳим савдо шерикларидан биридир. 2015-йилда ўзаро савдо ҳажми 1,2 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу борадаги ўсиш суръатлари жорий йилда ҳам сақланиб қолиши кутилмоқда. Лекин томонлар қайд қилганидек, бу рақамлар мамлакатларимиз салоҳиятини акс эттирмайди. Бу миқдорни яқин йиллар ичида 2-3-марта ошириш учун етарли имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Туркиянинг 500 га яқин фирма ва компаниялари фаолият юритмоқда. Мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинган Туркия сармояси ҳажми 1 миллиард доллардан ошади.
Суҳбат чоғида ушбу ташриф икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликка янги суръат бахш этишига ишонч билдирилди.
Томонлар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва чуқур қайта ишлаш, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, қадоқлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш бўйича мажмуалар барпо этишга, тўқимачилик ва терини қайта ишлаш саноатида замонавий қўшма корхоналар яратишга, хусусан, биргаликда пахта толаси ва тери хомашёсини чуқур қайта ишлаш орқали тайёр брендли маҳсулотларни ташқи бозорларга чиқаришни йўлга қўйиш, фармацевтика соҳасида ҳамкорликка оид янги лойиҳалар тузиш ва амалга ошириш масалаларини кўриб чиқдилар.
Транспорт коммуникацияларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. "Боку – Ахалкалаки – Қарс" темир йўлининг ишга туширилиши икки мамлакатни бир-бири билан боғлайдиган тўғридан-тўғри транспорт йўлагини яратишдек стратегик аҳамиятга эга масалани ҳал этишда, бинобарин, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришда муҳим омил бўлиши қайд этилди.
Муҳокама қилинган масалалардан келиб чиққан ҳолда, Ўзбекистон ва Туркиянинг ўз олдига қўяётган мақсадларига эришиш учун келаси йил бошида Тошкент шаҳрида Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказишга, унинг доирасида Ўзбекистон – Туркия сармоявий форумини ташкил қилишга келишиб олинди.
Давлатлараро муносабатларда маданий-гуманитар ҳамкорлик алоҳида ўрин тутади. Томонлар бу борадаги шерикликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Шавкат Мирзиёев ва Ражаб Тойиб Эрдўғон ушбу учрашув давомида эришилган келишувлар икки томонлама муносабатларни янги босқичга кўтариб, ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорликнинг янги саҳифасини очишга хизмат қилишига қатъий ишонч билдирганлар.
Куннинг иккинчи ярмида олий мартабали меҳмон Имом Бухорий ва Имом Мотуридий йодгорлик мажмуалари, Амир Темур мақбарасини зиёрат қилди, Регистон майдонини кўздан кечирган.
Ражаб Эрдўғон истиқлол йилларида Президент Ислом Каримов раҳнамолигида бу эзгу масканлар тубдан қайта таъмирланиб, мутлақо янги қиёфа касб этганини алоҳида таъкидлаган. Ўзбекистон аждодларимизнинг бой маънавий меросини тиклаш, ўрганиш ва дунёга танитишда юксак натижаларга эришаётганини қайд этган.
Шу билан Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг мамлакатимизга ташрифи якунига етган.