ТОШКЕНТ, 18 ноя — Sputnik. Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди, деб хабар қилмоқда Туркия президенти матбуот-хизмати.
Эрдўғон бошчилигида Ўзбекистонга ташриф буюрган турк делегациясига Ўзбекистоннинг муваққат президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов ҳамроҳлик қилишган. Ўзбекистон Мусулмонлар идораси муфтийси Усмонхон Алимов марҳум хотирасига Қуръон тиловат қилгач, Эрдоғон ва Мирзиёев музокаралар ўтказиш учун йўл олганлар.
Ўзбекистон ТИВ ахборотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тоййип Эрдўғон учрашуви чоғида Ўзбекистон – Туркия ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинади, томонларни қизиқтирган долзарб минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилади.