ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Сарвар Садуллаевич Отамуратов 1973-йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати – ўзбек.
Маълумоти – олий, Тошкент давлат университети фалсафа-иқтисодиёт факултетининг социология бўлимини, Ўзбекистон Республикаси Банк-молия академиясини, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Социология фанлари номзоди.
2009 ва 2014-йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган.
2010-2014-йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси раисининг ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган.
2013-йилда Сарвар Отамуратов Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий Кенгаши раиси этиб сайланган.
Унинг бевосита раҳбарлигида партиянинг кадрлар таркиби мустаҳкамланди, ҳудудий партия ташкилотларининг аҳоли билан ишлаш борасидаги фаолияти такомиллаштирилди, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳларининг жойларда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси мақсад ва вазифаларини рўёбга чиқариш бўйича фаолияти кучайтирилди.
Фракция раҳбари лавозимида депутатларнинг ижтимоий ва ахборот соҳаларини ислоҳ этишга қаратилган қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, марказ ва жойларда самарали депутатлик назоратини амалга оширишга доир тизимли фаолиятини ташкил этди.
Сарвар Отамуратовнинг глобаллашув шароитларида ўзликни англашни кучайтириш, фуқароларда, айниқса, ёшларда фаол фуқаролик позициясини шакллантириш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ва бошқа долзарб мавзуларга бағишланган қатор рисолалари, ўқув-услубий қўлланмалари ва мақолалари чоп этилган.
Оилали, икки фарзанди бор.