ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik. Ўзбекистон президентлигига номзод Сарвар Отамуродов миллий маданий меъросни сақлаб қолиш тарафдори, деб хабар қилмоқда Sputnik мухбири.
Унинг сўзларига қараганда, бугунги кунда мамлакатнинг буюк олим ва мутаффаккирлари томонидан яратилган бебаҳо бойликларнинг бир қисми тақдир тақозосига кўра чет мамлакатларда сақланмоқда.
“Биз соҳа муассасалари билан биргаликда, ватанимиз буюк шоир ва ёзувчилари олим ва мутаффакирлари томонидан яратилган, бугунги кунда чет мамлакатлар музей ва архивларида сақланаётган илм ва санъат бойликларини Ўзбекистонга қайтариш бўйича фаол ишлаймиз”, — деди Отамуродов.
Номзоднинг фикрига кўра, айни дамда маданий меърос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш керак. Музей, архив ва кутубхоналарда сақланаётган, маданий меърос хусусиятига эга бўлган экспонат ва архив ҳужжатларини каталоглаштириш ва ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш керак. Шунингдек, бу борада қонунга ҳам керакли ўзгаришлак киритилса мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Отамуродовнинг фикрига кўра, ўзбек шаҳарларининг тарихий кўринишини ва меъморчилик ёдгорликларини сақлаб қолиш, таъмирлаш ҳамда уларни ЮНЕСКО Умумжаҳон ёдгорликлар рўйхатига киритишига ҳаракат қилиш керак.
Ушбу масалалрни ҳал қилиш учун номзод махсус Маданий ёдгорликларни сақлаб қолиш Фонди ташкил қилиш ғоясини таклиф қилди. Ушбу фонд қандай маблағлар билан тўлдирилиши ҳақида хабар берилгани йўқ.
“Ўзбекистонда умумжаҳон аҳамиятига эга бўлган кўплаб тарихий-маданиё ёдгорликлар бор. Музей, архив ва кутубхоналарда муҳим аҳамиятга эга бўлган кўплаб қўлёзмалар, экспонат ва коллекциялар ҳамда ҳужжатлар сақланмоқда. Ушбу бой тарихий меъросни сақлаб қолиш учун улкан ишлар амалга оширилган. Лекин ўтказилган тадқиқотлар яна кўплаю маданий меърос намуналари ҳисоб ва каталоглаштиришга муҳтож”, — деди "Миллий тикланиш" партияси номзоди.
Ўзбекистонда президент сайлови 4 декабрда бўлиб ўтади. Республиканинг етакчи партиялари давлат раҳбари вазифасига ўз номзодларини таклиф қилишди. ЎзЛиДеПдан Шавкат Мирзиёев, “Миллий тикланиш”дан – Сарвар Отамуродов, “Адолат”дан – Наримон Умаров ва УХДПдан – Ҳотамжон Кетмонов.