ТОШКЕНТ, 12 ноя — Sputnik. Ўзбекистон ТИВ расмий порталида Ўзбекистон Президентлигига номзодларнинг таржимаи ҳоллари эълон қилинди.
Ўзбекистон "Адолат" Социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Мажитович Умаров 1952-йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Миллати – ўзбек. Маълумоти – олий. 1974-йилда Тошкент политехника институтини тамомлаган. Мутахассислиги – муҳандис-гидрогеолог. Геология-минералогия фанлари номзоди.
1997-2009-йилларда Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси ҳузуридаги Аналитик назоратга ихтисослашган давлат инспекцияси бошлиғи лавозимида ишлаб, атроф табиий муҳит ҳолатини мониторинг қилишда ягона давлат тизимини ишлаб чиқиш бўйича ишларни бошқарган.
2009-2013-йилларда Табиатни муҳофаза қилиш Давлат қўмитаси раиси лавозимида фаолият юритиб, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда бевосита иштирок этган.
2014-йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланди, 2015-йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон "Адолат" СДП фракцияси раҳбари сифатида фаолият кўрсатмоқда.
2012-йилда Наримон Умаров "Меҳнат шуҳрати" ордени билан тақдирланган.
Оилали. Уч нафар фарзанднинг отаси. Рафиқаси Х.Хўжаэва – пенсионер.