ТОШКЕНТ, 25 окт – Sputnik. «Адолат» социал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши раиси, Наримон Умаров сайловолди дастурида матбуотни янада демократлаштириш ҳақида гапирди.
“Биз демократик жамиятни матбуот эркинлигисиз, ўз хоҳиш-иродасини эркин билдириш ва сайлов эркинлигисиз тасаввур қилиб бўлмайди, деб биламиз,… ахборот соҳасини янада демократлаштириш, сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратамиз”, — деди Умаров.
Президент лавозимига номзоднинг фикрига кўра, ахборот соҳасида рақобат муҳитини янада кучайтириш, олиб борилаётган ислоҳотларнинг, давлат ички ва ташқи сиёсатининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда ОАВнинг фаоллигини ошириш зарур.
Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини, ҳокимият ва жамоатчиликнинг изчил алоқасини таъминлашда ОАВнинг ролини кучайтириш, моддий-техник базасини янгилаш, технологик модернизация қилиш, журналист касби нуфузини ошириш, соҳа ходимларининг меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантириш каби масалалар устувор вазифаларимиз сирасига киради.