ТОШКЕНТ, 10 ноя – Sputnik. Сергелининг эски Спутник массивида 500 та янги уй қурилиши лойиҳаси кўпчилликни ҳайратга солган эди. Sputnik.Ўзбекистон мухбири эски уйларни бузиш ва уларнинг ўрнига янги уйлар билан таъминлаш жараёни қандай кечаётгани билан қизиқди.
Охирги 20 йил давомида биринчи марта, ҳукумат расман аҳоли учун сотиб олиш мумкин бўлган, нархи қиммат бўлмаган уйлар қуришга қарор қилди, чунки нархи осмону фалак бўлган “банк уйлари” ҳамманинг жонига тегиб бўлди.
Муаммо атрофида
Ёғоч уйларни бузош ҳақидаги қарор аҳоли орасида турли миш-мишлар тарқалишига сабаб бўлди. Қўшни туманларда яшовчилар ушбу янгиликни хурсанд бўлиб кутиб олишди, чунки ушбу “ёғоч маҳалла” аллақачон кичик ва катта безорилар, лўлилар яшайдиган жойга айланиб қолган эди.
Устига устак, янги уйлар қурилиши Сирғалига ер усти метроси ўтказиш режаси билан бир вақтда эълон қилинди. Бу эса аҳоли узоқ вақтдан бери энтиқиб кутган нарса эди.
Ёғоч уйларда яшаётганлар эса ушбу янгиликни сергаклик билан кутиб олишди. Гап, уларнинг ўзи яшаб турган уйларини яхши кўришида эмас, балким ҳукумат бу сафар ўз ваъдаси устидан чиқармикин, йўқмикин деб ўйланишида бўлди. Уларни тушуниш мумкин, чунки охирги йилларда берилган ваъдаларнинг кўпи газета варақлари-ю, телевизор экранларида қолиб кетган эди…
Афсона ва ҳақиқат
Яхшилаб сўраб билсак, ёғоч уйлар аҳолиси муаммолари бошқа томонда экан.
“Ҳа, ҳақиқатдан ҳам эски уйлар бузилмоқда, лекин уларнинг ўрнига уй бермасдан одамларни кўчага қувишаяпти деган гаплар ёлғон”, — дейди яқинда бузилиши кера бўлган уйда яшовчи Феруза.
Кўпчиллик айтишига қараганда, Сергели туман ҳокимияти аҳолига ишончли ва аниқ маълумотни ўз вақтида еткизиб бермаётгани учун интернетда ҳар хил миш-мишлар тарқалаётган экан.
“Мен қизим билан икки хонали квартирада рўйхатдан ўтганмиз. Бизга Тошкентнинг Юнусобод, Сирғали ва Қўйлиқ туманиларидан ўз квартирамизга тенг бўлган икки хонали квартира таклиф қилишди. Улар янги уйларда эмас, лекин шунисига ҳам рахмат. Бу борада иш яхши ташкил қилинган, расмий риэлторлар уй топишда ёрдам бермоқда. Квартиралар танланган, ҳаммаси ҳал қилинган бўлсада, калитларни ҳали беришмади. Қоида бўйича бизни уй бузилгунича кутишимиз керак экан”, — дейди норози бўлиб Феруза.
Ёғоч уйда яшовчилар орасида тарқалган яна бир гап – қурувчилар уйда барча сантехника, сув иситиш қозонлари ва янги эшикларни ўз жойида қолдиришни талаб қилишаётган экан.
Шундай қоида ҳақиқатдан ҳам борлигини бизга юристлар тасдиқлашди. 2006 йилда қабул қилинган тартибга кўра, қурилиш майдонидаги барча материаллар ва қурилган иншоотлар қурувчи ташкилот ихтиёрида қолиши керак экан.
Алоҳида ҳолатларда, махсус тузилган комиссия қарорига асосан айрим буюмлар эски эгасига берилиши ҳам мумкин экан. Ушбу тартибга кўра, аҳолини янги жойларга кўчириш ҳам қурувчи ташкилот томонидан амалгаоширилиши керак экан.
Сергели туман ҳокимияти айтишига қараганда, тўрт йилдан кейин ушбу жойда, эски ёғоч уйлар ўрнида 50 та 9 қаватли кўп хонадонли уйлар қурилар экан. Бу эса 30 мингдан ортиқ аҳолини уй билан таъминлаш имконини беради.
Янги қуриладиган уйлар ҳақида ҳозирча маълумот кам, лекин уларнинг ташқи кўриниши ва бу Сирғалига ўтказиладиган ер усти метросининг эскизлари интернетда анча олдин пайдо бўлган. Қоғозда чиройли ва истиқболли кўринган лойиҳалар ҳаётда қандай бўлишини вақт кўрсатади.