ТОШКЕНТ, 5 окт — Sputnik. Тошкент шаҳри Сергели туманида метрополитен қурилиши жорий йилдан бошланади, деб хабар қилган туман маъмурияти раҳбари Фурқат Мақсудхўжаев бугун ўтказилган матбуот-анжумани давомида.
Мақсудхўжаевнинг сўзларига кўра, метрополитеннинг янги йўли тўлиқ ер устида жойлашган бўлиб, унинг давомийлиги 8 километрни ташкил қилади. Ва у Чилонзор станциясининг сўнгги бекати бўлмиш "Олмазор"дан "Спутник" массивигача давом этади.
"Жами олтита станция бунёд этилади. Олдиндан қилинган ҳисоб-китобларга кўра, бу лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун 4 йил вақт керак бўлади", — деб таъкидлаган у.
Лойиҳага кўра метрополитеннинг "Сергели" йўли жами 12 бекатдан иборат бўлади ва уларнинг фақат 4 таси (лойиҳавий номлари — "Чоштепа", "Ўзгариш", "Дўстлик", "Сергели") шаҳарнинг Сергели туманидан ўтади, қолгани эса Тошкент ҳалқа автомобиль йўли бўйлаб, Чилонзор буюм бозори, Ўрикзор бозори, Ибн Сино, Жарариқ мавзелари орқали янги ТошМИга етиб боради.