ТОШКЕНТ, 8 ноя — Sputnik. Human Rights Watch ташкилоти Европа парламентини ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро ҳамкорлик алоқалари шартномаси имзоланишига рози бўлмасликка чақирмоқда, деб хабар қилган Спутник Тожикистон нашри.
Ташкилот расмий сайтида эълон қилинган баёнотга мувофиқ, айни вақтда тўқимачилик протоколининг қабул қилиниши Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатлари давом этаётганига кўз юмиш билан баробардир. "Бу эса ЕИ ташқи сиёсий тамойилларига зид", — дейилган хабарда.
"Биз, сизни Ўзбекистонда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларига барҳам берилган ҳолдагина Европа парламенти шартнома имзолаш қарорини қайта кўриб чиқишга чақирамиз", — деб қўшимча қилинган хабарда.
Аммо шундай бўлса-да, деб таъкидланган баёнотда, Human Rights Watch ташкилоти 2016 йилги пахта йиғим-терими мавсумида катта ёшдаги юз минглаб кишиларнинг пахта теримига мажбурий сафарбар этилиши ҳолатини қайд этган. Хабарда айтилишича, ҳатто, вилоятларда пахта йиғими шарт-шароитларини назоратга олмоқчи бўлган икки нафар чет эллик журналист ҳамда халқаро кузатувчиларга нисбатан ҳужум амалга оширилган.
Ўзбекистон ҳукумати мажбурий меҳнатдан фойдаланиш амалиёти тўхтатилади, деб ишонтирганига қарамай, Human Rights Watch ташкилоти акс далилларга гувоҳ бўлиб турибди, деб ёзилган сайтда эълон қилинган хабарда.
Баёнотда, шунингдек, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатлари камайгани ҳам қайд этилган. Аммо, шундай бўлса-да, маҳаллий мансабдорлар йиғим-терим мавсумида квоталарни бажариш иштиёқида болалар мажбурий меҳнатига мурожаат қилиб туришлари қўшимча қилинган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг сентябр ойи охирларида Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги пахта теримида болалар меҳнати ҳамда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш мамлакат қонунларига ва Халқаро Меҳнат Ташкилоти конвенциясига зид келишидан огоҳлантирган эди.
Шунингдек, Меҳнат вазирлиги расмий сайтида жойлаштирилган плакатда ўқитувчилар ва тиббиёт ходимлари акс эттирилган. Плакатда ҳар бир шахс "қўшимча шартларсиз теримдан бош тортишга ҳақли. Ҳуқуқларингиз бузилган тақдирда ишонч телефонларига мурожаат қилинг", деган сўзлар ёзилган эди.