ТОШКЕНТ, 25 окт — Sputnik, Антон Курилкин. Ўзбекистон Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастурига мамлакат қишлоқ хўжалигини қайта қуриш ҳақидаги бандни ҳам киритди. У пахта экиладиган майдонларни қисқартириш ва пахта ўрнига боғ ва токзорлар барпо этишни таклиф қилди.
Пахтанинг ташвишлари
Аналитикнинг айтишича, пахта хом ашёси тайёрлашни қисқартириш Ўзбекистон ҳукуматининг миллий иқтисодиётни қайта қуриш сиёсатининг давомидир. Кейинги 25 йил давомида мамлакат пахта етиштириш ҳажмини мунтазам равишда қисқартириб борди — масалан, 2012/13 йилда бир миллион тонна ҳосил йиғилган бўлса, 2015 йилда атиги 830 минг тонна ҳосил етиштирилди, бу йилги мавсумда эса бу кўрсаткич яна 10 минг тоннага камайтирилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, бугунги кунда пахта бозори тўлиб кетган ва ишлаб чиқариш ҳажмининг камайиши умумжаҳон тамойилидир.
Қишлоқ хўжалик секторини ислоҳ қилиш собиқ иттифоқ таназзулга юз тутиши биланоқ бошланганди. Бундан 30-40 йил илгари пахта республикада монокультура бўлган бўлса, буғдой иттифоқнинг бошқа ҳудудларидан келтирилган. Мустақилликка эришган Ўзбекистон ўз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаши ва иқтисодиётни диверсификация қилиши зарур эди.
Бундан ташқари, пахта бошқа қишлоқ хўжалик экинларига нисбатан мунатазм равишда тез ва кўп суғоришни талаб қилади. Бунда сув ресурсларининг асосий қисми, дейди эксперт, Ўзбекистонга Тожикистондан келади. Икки давлат ўртасида яқинда бошланган музокаралар қишлоқ хўжалиги учун муҳим бўлган бу муаммони ҳал қилса ажабмас.
Хом ашёдан текстилга
Мутахассиснинг фикрича, пахта майдонларининг қисқартирилиши Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги енгил саноат савдоси ҳажмини камайтирмайди. Гап шундаки, Россиянинг ўзида ҳам хусусан ўзбек хом ашёсининг нархи юқорилиги боис пахтани қайта ишлаш қисқараётганлиги кузатилмоқда.
"1991 йилда РСФСР йилига бир миллион тоннадан ортиқ пахтани қайта ишлаган. Сўнгги йилларга келиб бу кўрсаткич 50 минг тоннага тушиб қолди, яъни 20 бараварга қисқарди. Кейинги пайтда Россия Ўзбекистондан асосан текстил, масалан мудофаа вазирлиги эҳтиёжи учун футболка ва пайпоқлар сотиб олмоқда", — деди эксперт.
У кейинги йилларда россияликлар ўзбек пахтасини деярли сотиб олишмаётганлигини, баъзида Росрезерв учун олинаётганлигини қўшиб қўйди.
Шу билан бирга мутахассис бу экиннинг ўзига хослигини ҳамда у қўлланадиган соҳалар кенг эканлигини билдирди.
"Пахта – қойилмақом қишлоқ хўжалик ва техник экин. Ундан озиқ-овқат маҳсулоти ҳам, техник маҳсулотлар – калава-ипдан тортиб вертолётлар учун техник мойгача, порохдан тортиб емгача, ўғитдан тортиб химикатгача олинади. Бошқа ҳеч қайси қишлоқ хўжалик экини бу даражада серқирра эмас", — таъкидлади эксперт.
Унинг айтишича, Россияга бу хом ашё танқислиги хавф солмайди, чунки у пахтани асосан арзонроқ нархда Покистон ва Хитойдан сотиб олади. Пахтани қайта ишлайдиган, лекин тайёр маҳсулотни импорт қилмайдиган корхоналар эса хом ашёни собиқ СССРнинг бошқа республикаларидан сотиб олишади.
"Россия корхоналари пахтани Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан сотиб олади, чунки уларда ушбу хом ашё арзон. Гап шундаки, Ўзбекистонда пахта экспорти ўз вақтида текстил саноатини ривожлантириш мақсадида протекцион чоралар кўрган ҳукумат томонидан назорат қилинади", — дейди аналитик.
Протекционизмнинг меваси
Эксперт ўзбек текстил саноати бир неча йил ичида катта йўлни босиб ўтганини қайд этди. Бир неча йил илгари мато ишлаб чиқаришни бошлаган ўзбек тадбиркорлари бугунги кунда тайёр кийимларни экспорт қилишмоқда. Бунинг сабабларидан бири Тошкентнинг протекцион сиёсатидир.
"Агар хорижликлар келишса, улар пахта учун маҳаллий истеъмолчиларга нисбатан кўпроқ тўлашларига тўғри келади. Баъзида хорижий ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар учун нархдаги фарқ 35%ни ташкил этган. Бу ўз натижасини берди — ҳозирда Ўзбекистонда текстил саноати жадал суръатларда ривожланмоқда", — деб хулоса қилди эксперт.
Илгарироқ Тошкентда бўлиб ўтган XIV Халқаро пахта саноати ярмаркасида Россия саноат ва савдо вазирининг ўринбосари Виктор Евтухов Sputnik Ўзбекистон мухбири билан суҳбатда ўтган йили республикадан пахта олиш юқори бўлмаганлигини, бу йил эса озгина ўсиш бўлганлигини билдирганди.
Шу билан бирга у истиқболда Россия ва Ўзбекистон нафақат хом ашё, балки тайёр маҳсулот савдоси борасида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйишларини таъкидлади. Бунинг учун қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда ўзбек текстилини Россияга ретейл орқали етказиб бериш муҳокама қилинмоқда.