ТОШКЕНТ, 7 ноя — Sputnik, Антон Курилкин. Кейинги ойларда Ўзбекистон муносабатларни яхшилаш ва кўп йиллик муаммоларни ҳал қилиш мақсадида қўшнилар билан фаол музокаралар ўтказмоқда. Ҳозирча Бишкек билан музокаралар яхши кетмоқда: ҳукумат делегацияларининг ўзаро ташрифлари бўлиб ўтди, чегараларни демаркация қилиш бўйича комиссия фаол иш олиб бормоқда, икки давлатнинг чегарадош вилоятлари эса ҳамкорлик ҳақида меморандум имзоладилар.
Тожикистон билан муносабатлар ҳам бундан кам эмас – ўтган ҳафтада икки давлат ўртасида авиақатновлар тикланиши маълум бўлди. Бунгача эса Тожикистон фуқаролари учун виза бекор қилиниши ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Бироқ умумий муносабатларга Тошкент қачонлардан буён хавотирланаётган Роғун ГЭСининг қурилиши салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ўзбекистоннинг ҳудудий сиёсатдаги фаоллиги нима билан боғлиқ ва Роғун ГЭСининг қурилиши Тошкент ва Душанбе ўртасидаги муносабатларга қандай таъсир кўрсатиши ҳақида Sputnik Ўзбекистон Марказий Осиё бўйича эксперт, тарих фанлари номзоди Александр Шустовнинг фикрини сўради.
— Тошкентнинг қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилаш борасидаги фаоллиги нима билан боғлиқ?
— Бунда шахс омили муҳим рол ўйнайди. Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев қўшнилар билан муносабатларда ўзаро ихтилоф йўлини тутмоқчи эмас. Бунинг устига, сайловлар арафасида у муваффақиятини намойиш этиши зарур. Бунга эса қўшни республикалар билан муносабатлар орқали тезроқ эришиш мумкин. Чегара режимининг соддалаштирилиши чегаранинг ҳар икки тарафидаги қариндошлик ришталари билан боғланган аҳолининг кўнглидаги иш бўлади.
Бундан ташқари, Марказий Осиё — хавфли ҳудуд ва чегара муаммоларини ҳал қилиш минтақадаги барча давлатлар манфаатига мос келувчи барқарорликнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади. Буларнинг бари Шавкат Мирзиёевнинг имижи учун ишлайди ва унинг оммабоплиги ўсишига хизмат қилади.
— Роғун ГЭСи қурилишининг бошланиши ўзбек-тожик муносабатларига қандай таъсир кўрсатади?
— Тўғоннинг қурилиши бошланиши ўзбек-тожик муносабатларига яхши таъсир кўрсатмаслиги мумкин. Кейинги вақтда Ўзбекистон ҳукумати муносабатларни яхшилаш ниятида эканлигини намойиш этаётган бўлса-да, трансчегаравий дарёлар захираларидан фойдаланиш муаммоси қолаверади ва бу икки давлат орасидаги муносабатларда ҳал қилувчи ролни ўйнайди.
Амударё Ўзбекистон учун ҳаётий муҳим аҳамиятга эга. Роғун ГЭСи қурилиши бошланиши сабабли сув оқимининг камайиши яна Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги илгариги совуқ кайфиятни уйғотиши мумкин.
— Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Роғун ГЭСи бўйича ўзаро эътироз ва муаммолари нимада?
— Икки давлат ўртасидаги ўзаро муаммо ва эътирозлар аллақачондан буён маълум ва бу ҳар икки томоннинг ўзаро расмий баёнотлари ва матбуотдаги чиқишларида кўп бора айтилган. Тожикистонга электр энергияси керак, у электрни экспорт қилишни ҳам мўлжалламоқда. Ўзбекистон эса суғориш манбасига узвий боғланган.
ГЭС қурилгач, Душанбе Вахш оқимини назорат қилиши мумкин, бу эса ўта кучли таъсир қуролидир. Тошкент мазкур "сув" ричаги ёрдамида сиёсий босим ўтказилишидан ҳамда қишлоқ хўжалиги инқирозга учраши оқибатида ижтимоий портлаш келиб чиқиши мумкинлигидан хавфсирамоқда.
Бундан ташқари, минтақадаги экотизим совет давридаги "социализмнинг буюк қурилишлари" оқибатида ўта нозик аҳволга келиб қолган. Экотизимнинг издан чиқиши ҳам ижтимоий кескинликни кучайтиради. Бу вазиятдан чиқишнинг ягона йўли томонларнинг ўзаро якдил қарорга келишларини таъминловчи музокаралар ўтказишдир.