29 октябр куни Тожикистон Вахш дарёси ўзанини тўсиб, Роғун ГЭСи қурилишини бошлаб юборди. Бу ҳаракат Душанбе ва Тошкент ўртасидаги илиқлашган муносабатларга путур етказиши мумкинлиги эҳтимолига қарамасдан Тожикистон ҳукумати ушбу воқеага халқаро жамоатчилик эътиборини қаратиш учун қўлдан келганча ҳаракат қилди.
2008-йилдан бошлаб Тожикистон четдан сармоядор топа олмагани сабабли объектни ўз кучи билан қайта тиклашга киришди. Ушбу лойиҳа Ўзбекистон томонидан қаттиқ танқид қилинишига қарамасдан, Душанбе расмийлари Роғун ГЭСИ мамлакатга электр энергияси танқислигини енгиб ўтиш имконини бериши ҳақида бонг уриб келди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон трансчегаравий дарёларнинг юқори оқимида йирик гидроэнергетика иншоотлари қурилишига кескин қарши чиқди ва Тожикистон билан ўзаро савдо ҳамда транзит алоқаларга қатор қатъий чекловлар қўйди.
Вахш дарёси ўзанининг янгитдан тўсилиши ўз-ўзидан, кутилмаганда рўй бермади, албатта. Тегишли режалар Тожикистон республикаси ҳукумати томонидан олдиндан эълон қилинган бўлиб, иншоотни қуриш учун тайёргарлик ишлари эса сўнгги бир неча йил давомида олиб борилаётган эди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг сентябр ойида Ўзбекистон президентининг ҳаётдан кўз юмиши билан муайян фитна юзага келди: расмий Душанбенинг Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев маҳкамаси вакиллари билан кейинги алоқалари қўшни мамлакатлар ўртасидаги мулоқот изчил нормаллашишига маълум бир умид берган эди.
Аммо униси ҳам, буниси ҳам бўлмади. Вахш дарёси ўзанининг тўсилиши, режалаштирилганидек, октябр-ноябр ойларида бўлиб ўтибгина қолмай, балки Тожикистонда асосий давлат тадбири сифатида амалга оширилди.
29-октябр куни бўлиб ўтган тадбирда давлат раҳбари Эмомали Раҳмон шахсан иштирок этди. Унга ҳукумат вакиллари, мамлакат парламенти депутатлари, Тожикистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, зиёлилар ва кўпсонли ёшлар гуруҳлари ҳамроҳлик қилдилар.
Тадбир Тожикистон республикаси оммавий ахборот воситалари ёрдамида трансляция қилинди. Қурилиш майдончасига Тожикистон миллий байроғи рангида безак берилди. Маросимда иштирок этганларнинг барчаси Тожикистон ҳукумати Роғунга шунчаки стратегик хўжалик объекти эмас, балки ўзига хос миллий ғоя, замонавий Тожикистон тарихи саҳифаларидаги энг ёрқин воқеа сифатида қараётгани ҳақида гапирдилар.
Айтганча, маросим кузатувчилари хотирасида муҳрланиб қолган яна бир ҳолат ҳақида ҳам эслаб ўтиш жоиз: Тожикистон раҳбари матбуот-хизмати хабарига кўра, "Миллат етакчиси Эмомали Раҳмон шахсан бульдозер рули қаршисига ўтирган ва эрталаб 10.00дан 11.30га қадар, яъни бир ярим соат давомида Вахш дарёси ўзанига тош тўккан".
Психологик нуқтаи-назардан олиб қаралганда, "бульдозер воқеаси" Эмомали Раҳмон Роғун ГЭСи қурилиши бошланишига нафақат давлат аҳамиятига молик, балки, шахсий масала сифатида ҳам қараётганидан далолат бергай.
Агар шу рост бўлса — Роғун Тожикистонда миллий ғоя даражасига тенглаштирилган, ва ҳатто, давлат раҳбарининг шахсий иши мақомини олган экан, демак, мамлакатнинг амалдаги раҳбари бу ғоядан яқин келажакда воз кечишидан умид қилмаса ҳам бўлади.
Ўзбекистонда ОАВларнинг узоқ йиллик саъйи-ҳаракатлари туфайли, жамоатчилик онгига — "Роғун ГЭСи — миллий хавфсизликка таҳдид" экани ҳақидаги фикрлар сингдирилган. Тез орада бўлиб ўтиши кутилаётган сайловлар олдидан ушбу ҳолатни эътибордан четда қолдириш эса — Ўзбекистон президенти вазифасини бажарувчисининг узоқни кўра билмаслиги сифатида баҳоланиши мумкин.
Демакки, Роғунда бўлиб ўтаётган сўнгги ҳодисаларга нисбатан расмий Тошкент томонидан негатив муносабатни кутиш, ўринли бўлади.
Дейлик, бу эътирозлар ТИВ ноталари, Душанбе номига қаратилган кескин оммавий баёнотлар, шунингдек, ишчи гуруҳлари ўртасида ўтказилган музокаралар(1992 йилдан буён тўхтатилган авиапарвозларнинг қайта тикланиши ҳамда Тожикистоннинг айрим тоифадаги фуқаролари учун Ўзбекистон томонидан виза тартибининг юмшатилиши)нинг "музлатилиши" шаклида "кўриниш" бериши мумкин эди.
Эслаб ўтамиз, жорий йилнинг 19-июл куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги, жумладан, Тожикистон Бош вазири Коҳир Расулзода номига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев номидан расмий мактуб йўлланган. Мактубда Мирзиёев Роғун ГЭСи борасида Ўзбекистон позициясини яна бир бор эслатиб ўтган эди.
Нега шу кечаю-кундузда бундай норозилик билдирилмаяпти? Ёинки, ҳеч бўлмаса, бу ҳақда оммага маълум қилинмаяпти?
Бу борада бир нечта тахминларни айтиб ўтиш мумкин. Биринчидан — Тошкент пауза олиб, Тожикистон билан муносабатларни қайта баҳоламоқда. Янги стратегия яратилиши жараёнида эса ўзбек расмийлари қўшни мамлакатда бўлаётган воқеага нисбатан кескин баҳо беришдан ўзини тиймоқда. Эҳтимол, ўша янги стратегия декабр ойида бўлиб ўтадиган сайловлардан сўнг ҳаётга татбиқ этилар.
Иккинчи тахмин шуки, ўзбек томон Роғун ГЭси қурилиши битказилишига кўзи етмагани учун ҳам ўзини босиқ тутаётган бўлиши мумкин.
Расмий Тошкент бундай қиммат ва техник жиҳатдан ўта мураккаб бўлган объектни қуриш учун Тожикистон имкониятига шубҳа билан қараётгани боиси — лойиҳага чет эллик сармоядорлар ва мутахассислар жалб этилмаганидадир, эҳтимол.