ТОШКЕНТ, 19 окт — Sputnik. Ўзбекистонда сўнгги икки йил ичида Россия ва МДҲ давлатларидаги меҳнат мигрантларини ортга қайтариш учун катта ташвиқот кампанияси бошлаб юборилган.
Sputnik мухбирлари яқинда Москвадан қайтиб келган меҳнат мигранти, Алишер исмли қурувчи билан суҳбатлашдилар. Алишер ватан "куюнчаклигини" ўзида ҳис қилганлардан биридир.
"Менимча, гапни асосий нарсадан — маош масаласидан бошлаган маъқул. Ўртадаги фарқ жуда катта. Агар мана шу нарсани асос қилиб оладиган бўлсак, ҳаммаси ойдинлашади. Давлатимиз бизга қандай ваъдаларни бермасин, мигрантлар ўз хоҳиши билан ортга қайтмайди. Москвага у ерда ҳаёт яхшилигидан эмас, балки бу ерда, ўз ватанимизда керакли маблағни ишлаб топиш имконияти йўқлигидан борамиз", — деб ҳикоя қилади суҳбатдош.
Шахсий тажриба
Россияда иқтисодий вазият танг ҳолатга келгач, Алишер ўтган йилда уйига қайтган ва ўша вақтдан буён ишсиз. Республикадаги бандликни таъминлаш марказларига нега мурожаат этмадингиз деган саволга, Алишер аччиқ кулимсиради.
Аммо бу кўникмаларимиз бирорта ҳужжат ёхуд диплом билан тасдиқланмаган, ўзбек қурувчиларининг аксарияти — ўз зеҳни билан иш ўрганган одамлардир. Шу боис, яхши ҳақ тўланадиган иш тўғрисида орзу қилмасак ҳам бўлади. Яратилаётган иш ўринлари эса — бу жуда оғир ва кам ҳақ тўланадиган ишлардир, шу боис хусусий ишчи бўлиб ишлаган маъқулроқ — кимдир қурилишга, кимдир таъмирлашга чақиради…", — дейди Алишер.
Суҳбатдошнинг сўзларига кўра, хусусий қурилиш секторида ҳам сўнгги вақтларда вазият кескин ўзгарган. Ўзбеклар оммавий равишда Россияга ишлашга кетган даврларда, республика ичида таъмирлаш ва қурилиш ишлари учун яхшигина ҳақ олиш мумкин эди. Сабаби, кучли рақобат мавжуд эмасди.
Ҳозирда эса, четдан қайтиб келган мигрантлар "нимадир ишлаб олиш" учун бозорда ўрнатилган нархдан ҳам пастроғини айтишга мажбур. Айниқса, чет вилоятларда ишлар камайиб кетган, қолаверса, қурувчилик ҳозир "сув текин" соҳаларнинг бирига айланган.
Бунинг сабабини ватанга қайтган мигрантлар сони ортиб бораётгани ҳамда республика фуқароларида пул камайгани (ахир аксарият одамлар Россиядан юбориладиган пул эвазига ҳаёт кечирарди) билан изоҳлаш мумкин.
"Очиғини айтиш керак, Россиядаги мигрантлар ҳаётини зўр, деб бўлмайди, уларга қийин, лекин у ерда ишлар эканмиз, бу заҳматларга нима учун дош бераётганимизни биламиз, тушунамиз. Менинг шаҳарчамда, Сурхондарё вилоятида иш деярли йўқ, аҳолининг аксарият қисми савдо-сотиқ билан шуғулланади. Шу боис битта йўл бор олдимизда — у ҳам бўлса, пойтахтга бориб ишлаш. Аммо бу ерда ҳам ўзига яраша муаммолар етарлича, биринчидан, рақобат жуда кучли, чунки ҳамма Тошкентга интилади. Иккинчидан милиция тинчлик бермайди, агар қўлга тушгудек бўлсангиз "келишишга" тўғри келади, бошқа илож йўқ", — деб ҳикоя қилади суҳбатдош.
Яна хорижгами?
Алишернинг тан олишича, у ўз ватани — Ўзбекистонни жуда яхши кўради. У бажонидил Ўзбекистонда ишлаган бўларди ҳам, аммо бу ерда ўғилларининг тўйларига пул тўплаши амримаҳол. Шу боис, эрта баҳорда яна Россияга кетишни режалаштиряпти.
"Ҳозир у ерда вазият аста-секин яхшиланяпти, қолаверса, миграция қонунчилиги ҳам ўша вақтга келиб изга тушиб кетар, эҳтимол. Мен билан бирга ишлайдиганларнинг ҳаммаси худди шундай фикрда, ахир улар ҳам шунга мажбур бўлгани учун қайтган", — дея ўз ҳикоясига якун ясайди Алишер.
2015 йилнинг охирида Олий Мажлис сенати 2016-йилга аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича дастурни тасдиқлади. Бу йил 1 миллионга яқин иш ўринларини яратиш режалаштирилмоқда, уларнинг 148 мингги хориждан, шу жумладан, Россиядан қайтиб келадиган мигрантлар учун ажратилади.