ТОШКЕНТ, 8 окт — Sputnik. Спутник Тожикистон нашри Ўзбекистон ҳукумати қўшни давлатлар билан муносабатларни изга солишга ҳаракат қилаётгани ҳақида мақола эълон қилган. Нашр сиёсатшунос Рафаил Сатторов билан боғланиб, ундан ҳозирги кундаги "илиқлашув" жараёнига изоҳ олган.
"Ҳа, муносабатларни нормал ҳолатга келтириш учун муайян ҳаракатларни амалга ошириш талаб этилади, жамиятга нимадир бериш керак. Аммо шу билан бирга, ҳаволанмасдан, ҳаммасига теран ақл билан қараш лозим. Айтмоқчиманки, мамлакатлар ўртасида фундаментал муаммолар мавжуд бўлган, бор ва бундан кейин ҳам бўлади. Буни чегаравий масалалар, ГЭС қурилиши ҳамда миллатлараро муаммолар мисолида кўриш мумкин", — дея фикр билдирган Сатторов.
Сиёсатшунос фикрича, айни вақтда Шавкат Мирзиёев бошқа сиёсатчилардан, алқисса, Ўзбекистоннинг Биринчи Президентидан фарқ қилишини, турли масалаларга ечим топишда ўз фикрига таяниб иш кўришини намоён этишга мажбур.
"Аммо муаммолар ечимини тезда ҳал этишга имкон ҳам важ ҳам йўқ", — деган эксперт.
Сиёсатшунос таъкидига кўра, ҳамма нарсани бирданига ўзгартиришнинг иложи йўқ, негаки Ўзбекистондаги "сиёсий ошхона" бунга ҳали тайёр эмас.
Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Камиловнинг Тожикистонга сафаридан ҳам рамзий маъно излаш керак эмас, деб ҳисоблайди Саттаров.
"Тўғри, бу йўналишда аллақандай силжишларни кузатиш мумкин, аммо Тожикистоннинг биқинида Афғонистон жойлашганини, шу боис таҳдидлар мавжудлигини ёдда тутиш керак. Бунда Ўзбекистон ўзини Тожикистондан ҳимоя қиляпти, дейиш ҳам ноўрин — бу муаммо негизида глобал хавфсизлик масалалари ётибди", — деб таъкидлаган эксперт.
Сиёсатшунос, шунингдек, Ўзбекистон муносабатларни яхшилашда илк қадамларни қўяр экан, қўшнилардан ҳам шунга яраша жавоб кутаётгани муҳим аҳамият касб этишига эътибор қаратган.
"Ҳаракат бир томонлама бўлмайди. Қўшниларнинг барчаси эгилувчанликни, якдилликни намойиш этиб, ҳақиқатда дўстона муносабатлар ўрнатишлари лозим", — деб таъкидлаган Сатторов.
"Минтақада муносабатларни яхшилашга уринаётган Ўзбекистон қандайдир иқтисодий иттифоқларга қўшилишини умид қилиш ярамайди, чунки бу даргумон", — деб ҳисоблайди сиёсатшунос.