ТОШКЕНТ, 28 сен – Sputnik. Латвиянинг биринчи президенти Гунтис Улманис "Жаҳон" ахборот агентлиги мухбири билан суҳбатда ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
Суҳбат аввалида Улманис Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 25 йиллик айёми билан қутлар экан, бу воқеа янги ҳур мамлакат қурилишининг, фаровон ҳаёт ва жамият гуллаб-яшнашининг, маънавий қадриятлар қайта туғилишининг ва миллий ўзликни англаб етишнинг бошланиши бўлганлигини таъкидлади.
У Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов билан 1995 йил июнидаги учрашувни ҳам ёдга олди.
"Биз мустақил мамлакатларимиз қандай тарзда ривожланиши кераклиги ҳақида фикр алмашдик. Ўшанда Ислом Каримов ҳар бир давлат ўз тараққиёт йўлига эга бўлиши лозимлигини ва у Ўзбекистонни аграр мамлакатдан саноати ривожланган замонавий давлатга айлантириш учун бор кучини сарфлашини айтганди. Ислом Каримовнинг бир гапи ёдимда қолган. У ёш давлатнинг мустаҳкам оёққа туриб олиши ва муваффақиятли ривожланиши учун сиёсий барқарорлик, ҳукуматнинг қатъий иродаси, тинчлик ва хавфсизликнинг таъминланиши зарур бўлишини айтганди, — дейди Гунтис Улманис. —Ислом Каримовнинг барча уринишлари, ҳаракатлари натижасини бугун кўриб турибмиз – аҳоли фаровонлиги ошмоқда, соғлиқни сақлаш, таълим ва спорт соҳасида юксак кўрсаткичларга эришилди, иқтисодиёт, саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида кенг миқёсдаги ислоҳотлар ўтказилди, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўи ошиб бормоқда".
Латвиянинг биринчи президенти шунингдек Ўзбекистоннинг Марказий Осиё ҳудудидаги тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашдаги ўрни беқиёслигини, ташқи сиёсат борасида тутган йўли пухта ўйланган тинчликсеварлик тамойилига асосланганлигини эътироф этди.
Икки давлат ўртасидаги муносабатларга тўхталар экан, Улманис бу муносабатлар вақт синовидан ўтган, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш асосига қурилганлигини билдирди. У ўзбек таомларини, мева-сабзавотларини севиб истеъмол қилишини айтиб ўтди.
Ўзбекистон ва Латвия ўртасида савдо, инвестиция, транспорт, илмий-техникавий, маданий, спорт ва туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорликнинг ҳуқуқий асослари яратилган.
"Ўзбекистон ҳаво йўллари" авиакомпанияси "Эйр Балтик" авиакомпанияси билан ҳамкорликда Тошкент ва Рига ўртасида авиақатновни йўлга қўйганига 10 йилдан ошди.
Ҳамкорликнинг яна бир муваффақиятли самараси сифатида Тошкент иссиқлик электр станциясини реконструкция қилиш доирасида қуввати 370 Мвтли буғ-газ қурилмасини ўрнатиш бўйича умумий қиймати 410 миллион АҚШ долларига тенг бўлган Латвия-Ўзбекистон лойиҳасининг ишга туширилишини айтиш мумкин. Ушбу лойиҳада ўзбекистонлик 700дан ортиқ мутахассислар иштирок этдилар, маҳаллий қурилиш материалларидан фойдаланилди. Тез кунларда бўлиб ўтадиган ИЭСнинг ишга тушишига бағишланган расмий маросимда Гунтис Улманис шахсан қатнашиш истагини билдирди.
Латвиянинг биринчи президенти Ўзбекистонда спортга бўлган эътиборнинг юксак даражада эканлигини эътироф этиш билан бирга ўзбекистонлик спортчиларнинг Риода бўлиб ўтган Олимпиада ўйинларидаги муваффақиятларини алоҳида таъкидлади.
"Ўзбекистон барча соҳаларда сезиларли муваффақиятларга эришди деб ишонч билан айтишим мумкин. Ўзбекистонни бахтли ва ёрқин келажак кутмоқда, зеро бу ерда бунинг учун барча шароитлар мужассам", дея сўзларига якун ясади Гунтис Улманис.