ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Жанубий кореялик фаоллар Пхеньян сиёсатини ва сўнгги ядровий синовни қоралаб ўн минглаб варақаларни ҳаво тўлдирилган шарлар ёрдамида Шимолий Корея ҳудудида тарқатиб чиқдилар, деб хабар қилмоқда РИА Новости Франс Пресс нашрига таянган ҳолда.
Фаоллар ўз мактубларида Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Инни у "ядро синовларини халқ фаровонлигидан ҳам устун қўяётгани учун" аёвсиз танқид қилишган, деб хабар қилади агентлик.
Сеуллик фаоллардан бири Пак Сан Хакнинг сўзларига кўра, аввалига пайшанба куни 150 мингтага яқин варақаларни тарқатиш режалаштирилган, аммо кучли эсаётган шамол туфайли уларнинг сонини икки мартага камайтиришга тўғри келган.
"Биз бу ишларни Шимолий Кореяда оч қолаётган 20 миллион инсонга ҳақиқатни айтиш мақсадида амалга оширмоқдамиз… Айни вақтда, юз минглаб одамлар даҳшатли сув тошқинлари туфайли азият чекишаётган бир пайтда, Ким Чен Ин яна битта ядро синовини амалга ошириш билан банд", — деб ҳикоя қилган агентликка фаолларнинг бири.
9 сентябр, жума куни Тошкент вақти билан 05.30да Шимолий Кореяда 5,0 магнитудали зилзила қайд этилган эди. Шундан сўнг КХДР ҳукумати ядро синови муваффақиятли ўтди, энди баллистик ракеталар ядро боеголовкалари билан таъминлашга қодирмиз, деган баёнот билан чиқишди.
Шимолий Корея томонидан навбатдаги бор ядро синови ўтказилиши Япония, АҚШ, Жанубий Корея ва бошқа қатор Европа мамлакатлари томонидан қаттиқ қораланди. Тошкент эса Пхеньяндан дунёда барқарорликни бузаётган хавфли синовларни тўхтатиб, мавжуд бўлган муаммоларни тинчлик йўли билан ҳал қилишни сўради.
Тошкент расмийларига кўра, ядровий синовлар ўтказиш БМТ Хавфсизлик Кенгаши резолюцияларини бузиб, ҳудуд ва бутун дунё хавфсизлигига таҳдид солмоқда.