ТОШКЕНТ, 15 сен — Sputnik. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов шундай пишиқ бир сиёсий тизимни барпо этган-ки, шу туфайли ҳукуматнинг янги раҳбарга ўтиши осойишта кечади, умуман олганда, республикада кейинги 5-10 йил давомида барқарорлик ҳукм суришига умид қилиш мумкин, деб ҳисоблайди Ислом Каримовнинг собиқ ҳамкасби, Қирғизистоннинг биринчи президенти Аскар Акаев.
Ислом Каримов инсульт оқибатида 2016 йил 2 сентябр куни Тошкент шаҳрида вафот этди. Марҳум ўзининг она-шаҳри Самарқандда мусулмон урф-одатларига кўра дафн этилди. Ўзбекистон Республикасининг президенти в.б. этиб Бош вазир Шавкат Мирзиёев тасдиқланди. Ўзбекистон республикаси президенти сайловлари 4 декабрга белгиланган.
"Мен ҳамиша бу транзит осойишта, юмшоқ шаклда кечади деган фикрда бўлганман. Ҳокимиятнинг мерос бўлиб бошқага ўтиши анъанаси сақланиб қолажак. Ислом Каримов ҳокимиятнинг буюк мураббийи, шахмат тили билан айтганда, гроссмейстери эди. У шундай ҳукуматни барпо этганки, энг камида 5-10 йил давомида бу тизимда фавқулодда тўхташлар бўлмаслиги муқаррар", — дея таъкидлади РИА Новости ахборот агентлигига Акаев.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда баъзи бошқа республикалардан фарқли ўлароқ, давлатдан автоном бўлган, "мустақил фаолият юритадиган молиявий-олигархлар гуруҳлари йўқ", — дея таъкидлаб ўтди суҳбатдош.
Акаевнинг фикрига кўра, "мамлакатда иккинчи одам" ҳисобланган Бош вазир (Мирзиёев) ҳозирда бирданига биринчи одамга айланган. "Парламент бир овоздан у учун овоз берди. Аслида парламент аллақачон уни сайлади деб айтиш мумкин, у ерда (парламентда) эса ҳамма (кланлар ва гуруҳлар) бор. Гарчи конституция бўйича 3 ой давомида президент вазифасини Сенат раиси бажариши лозим бўлса-да, аммо… Ўзбекистон элитаси уни тан олди", — деб таъкидлади Акаев.
Аммо сал кейин нима бўлиши ҳақида ҳозирча бирон бир фикр билдириш қийин, дейди суҳбатдош. "Яшасак кўраверамиз, ахир дунё бир жойда тургани йўқ, ҳаммаси ўзгармоқда, қолаверса, ислом мудраётгани йўқ. Ҳамма нарса бўлиши мумкин", — қўшимча қилади у.
Акаев 1990-2005 йилларда Қирғизистон республикаси президенти бўлган. "Лола инқилоби" туфайли ҳокимиятни қўлдан бой берган. Айни дамда Ломоносов Давлат Университети қошидаги мураккаб тизимлар математик тадқиқоти Институтида илмий фаолият билан шуғулланмоқда.