ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти мустақил мамлакат учун жуда катта ишларни амалга оширган ёрқин сиёсий арбоб эди, дея ўз ҳикоясини бошлади Спутник Ўзбекистон мухбирига 1993 йилдан 2000 йилга қадар Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчиси сифатида фаолият юритган Носир Якубов.
"Ислом Абдуғаниевич билан у киши ҳали Ўзбекистон ССР президенти бўлгунига қадар танишганмиз", — деб эсга олади Носир Норович.
"Ўшанда, Каримов бўлғуси президент экани хаёлимизга ҳам келмаган. Кўпинча иш туфайли йўлларимиз кесишарди. Суҳбатлашардик. Улар дилкаш суҳбатдош ва интилувчан шахс эдилар. Ёш Каримов кўп нарсага эришиши шундоқ ҳам аён эди, аммо бир кун келиб республиканинг биринчи кишисига айланиши ҳеч кимнинг ҳаёлига келмаган ўшанда", — бўлишади Якубов.
Носир Норовичга кўра, Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Давлат план комитетига ишга ўтиб, мутахассисликдан Республика Давлат план комитети раисининг биринчи ўринбосари лавозимигача бўлган йўлни босиб ўтган ва кўп вақт ўтмай Комитетнинг Раиси этиб тайинланган. Бўлғуси давлат раҳбари мансаб пиллапоясидан катта тезликда кўтарилар, сабаби, ундаги меҳнатсеварлик ва профессионаллик жиҳатларини пайқамасликнинг иложи йўқ эди.
"У киши ҳамиша биздан бир қадам олдинда юрардилар. Фикрлашлари жуда теран эди. Ҳамма ишга улгурардилар ва раҳбарият томонидан қўйилган энг муҳим ва долзарб вазифаларнинг ечимини топа оладиган ажойиб раҳбар эдилар. Фикримча, Каримов тақдир унга ушбу туҳфани тайёрлаб қўйганини сезган ва ўз мақсади сари олға интилган", — дея ўз ҳикоясида давом этади дипломат.
Суҳбатдош, шунингдек, ўтмишда биргаликда зиёфатлар уюштирганликлари ҳақида ёдга олди.
"Ислом Каримов ҳамиша қадаҳни охиригача тўлдиришларини сўраб, Ўзбекистон ССР Давлат план комитетининг раиси бўлиши учун ичишини айтар эдилар. Бу сўзларни ҳамма одатий қабул қиларди, негаки, бундай жиддий ташкилотга раҳбар бўлиш учун у кишида барча жиҳатлар мужассам эди. Ислом Каримов нимани хоҳлашини ва қайси томонга қараб ҳаракатланишни аниқ биларди", — дейди Якубов.
Суҳбатдошнинг хотирлашича, мустақил мамлакатнинг президенти этиб тайинлангач, Ислом Абдуғаниевич Якубовни ўз ҳузурига чорлаб: "Ўзингга жамоа тўпла, дўстона миссия билан Исроилга борасан. Мен деярли ҳар куни исроиллик дўстларимиздан яхши мактубларни оляпман, уларни зиёрат қилиш керак бўлади", деб айтади.
Суҳбатдошнинг изоҳ беришича, Каримов ўзининг болаликдаги ўртоқлари, Самарқанддаги синфдошларини назарда тутган — Президент деярли бутун ҳаёти давомида улар билан алоқани узмаган.
"Мен бошчилигимда 7-8 кишидан иборат делегация Исроилга йўл олдик. Бизни қучоқ очиб қарши олишди, совға-саломларга кўмиб ташлашди. Биз жуда ҳам кўп учрашувлар ўтказдик, уларда фақат хотиралар ёдга олинди — Каримовнинг мактаб даври, қандай қилиб ўқишгани, ўртоқ бўлишгани, уй олдида футбол ўйнаганликлари… Бундан ташқари Исроилнинг ёш ўзбек давлати билан келгусидаги ҳамкорлиги муҳокама қилинди.
Қайтганимиздан сўнг делегацияни давлат раҳбарининг шахсан ўзи қабул қилди, унга сафар ҳақида батафсил маълумот берилди. Каримов қизиқиш билан тинглади ва сафар натижаларидан рози бўлди. Бу мустақил мамлакат делегациясининг чет элга уюштирган биринчи расмий сафари эди".