ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Мустақиллик ҳеч бир халқ, ҳеч бир миллат тарихида осонликча қўлга киритилмаган. Юртбошимиз Ислом Каримовнинг енгилмас қатъияти ва жасорати билан Ўзбекистон мустақилликка эришди ва ўз тараққиёт йўлида улкан муваффақиятларни қўлга киритди. Ислом Каримов ёзиб қолдирган асарларни варақлар экансиз, уларнинг ҳар бир жумласида ўзбек халқининг хоҳиш-иродаси, қудрати ва бунёдкорлиги акс этганига гувоҳ бўласиз.
Ватан ва халқ ҳақида
"Менга юксак ишонч билдирган она халқимга бош эгиб, яна ва яна бир бор таъзим қиламан. Мана шундай олижаноб, бағрикенг халқимизга фарзандлик меҳри ва садоқати билан хизмат қилиш - мен учун энг юксак шараф, олий саодатдир!"
"Ҳаракатлар деймиз, ташвишлар деймиз, қанча-қанча қийинчиликлар бошимиздан ўтди. Ҳаммаси нима учун? Ким учун? Инсон учун, миллат учун, келажагимиз учун!!!"
"Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман. Нега деганда, ҳаётимизни шундай релсга қўямизки, унинг ўз манзили бор. Бу манзил — эркинлик, озодлик ва барқарор яшаш…"
"Яна ва яна бир бор айтишни ўзимнинг бурчим, деб биламан — Ўзбекистон ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокка қўшилмайди, ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базаларини жойлаштиришга, бизнинг ҳарбийларимизнинг мамлакатимиз ташқарисида бўлишига мутлақо йўл қўймайди".
Биз учун Ватан битта! Мамлакат битта! Бизни битта манфаат бирлаштиради: мустақил Ўзбекистон манфаатлари! Ана шу буюк мақсад, олий манфаат йўлида бирлашиб курашишимиз керак".
Амир Темур ҳақида
"Халқимиз тарихида инсоний камолоти ва ижтимоий фаолияти билан довруқ қозонган, миллатимиз фахри бўлмиш улуғ зотлар бениҳоя кўп. Аммо улар қаторида юлдузлар аро қуёшдай чарақлаб турган бир буюк зот борки, у Ватанимиз кечмиши, бугуни ва эртасида беҳад юксак ўрин тутади. Ул муҳтарам инсон соҳибқирон Амир Темур ҳазратларидир.
Амир Темур ҳаётининг мазмуни, бетакрор фаолиятининг асосий маъноси — Ватан озодлиги, Ватанга муҳаббат деган олий қадриятлардан иборатдир. У ҳатто умрининг сўнгги онларида ҳам зурриёдларига қарата "Истиқлол билан мулку миллат, лашкар ва раъиятни бошқарингиз" деб васият қилган.
Илоҳим, ҳазрати Амир Темур эъзозлаган ғоялар — шижоат ва мардлик, адолат ва қатъият ҳар биримизга ҳамиша ҳамроҳ бўлсин!
Жаҳонга Амир Темурдек буюк даҳони берган халқ мангу яшасин, бахту саодати зиёда бўлсин!
Бу дунёда халқимиз, миллатимиз, Ўзбекистонимиз бор экан, Амир Темур номи барҳаёт!"
Раҳбарларга насиҳати
"Агар ҳар бир киши ўз жойида, ўз хизмати доирасида қонунга амал қилиб яшашни ҳаёт тарзига, меҳнатга муносабатнинг ахлоқ нормаларига айлантира олсагина ортиқча назоратга ҳожат қолмайди".
"Мен сизлардан фақат бир нарсани илтимос қилмоқчиман: кўпроқ одамлар орасида бўлинглар, халқнинг турмушидан, ҳол-аҳволидан хабар олиб туринглар. Айниқса, муҳтожларнинг, етим-есир, бева-бечораларнинг, эҳтиёжманд оилаларнинг муаммолари Наврўз ёки Ҳайит кунларидагина эмас, доимий эътиборингизда бўлсин".
"Худо бизга қўйган талаб битта — иймонли бўлиш, ҳалол яшаш ва ҳалол меҳнат қилиш. Ҳар қайси инсон қаерда бўлмасин ва қайси вазифани бажармасин, у вилоят раҳбарими, туман ҳокимими, хўжалик ёки корхона раҳбарими, оддий косиб ёки оддий деҳқонми — мартабаси ва касбидан қатъи назар, ўзини ҳаром-хариш ишлардан тийсин ва ўз жойида ўз вазифасини ҳалол бажарсин".
Ватанпарварлик туйғуси ҳақида
"Ватан ҳисси, Ватан туйғуси барча нарсадан қадрлироқдир. Биз фарзандларимиз онгига ва қалбига ана шу туйғуни сингдиришимиз лозим. Бизнинг барчамиз ота эканлигимизни, она эканлигимизни унутмаслигимиз керак. Ҳар бир ота-она учун фарзанд камоли, оиласининг шон-шуҳрати муқаддас орзу-ҳавас ҳисобланади. Шундай экан, биз келгуси авлод баркамоллиги учун, ўғил-қизларимизнинг улуғ аждодларимизга хос оқил ва юксак маданиятли кишилар бўлишлари учун доимо эътибор бермоғимиз керак.
Улуғ аждодларимиздан муқаддас мерос бўлиб келаётган ватанга муҳаббат туйғуси, фарзандларимиз, бугунги ва келажак авлодларимиз учун чинакам эътиқодга, чинакам ақидага айлансин".
Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳақида
"Иккинчи жаҳон урушига қандай қаралмасин, бу уруш қайси ғоя остида ва кимнинг изми билан олиб борилган бўлмасин, ўз ватани, эл-юртининг ёруғ келажаги, беғубор осмони учун жанг майдонларида ҳалок бўлганларни, ўз умрларини бевақт хазон қилган инсонларни доимо ёдда сақлаймиз".
Жасурлик ҳақида
"Халқимизда доно бир нақл бор: "Ота рози — Худо рози, она рози — пайғамбар рози". Бизни дунёга келтирган азиз инсонларни қанчалик улуғласак, бу ҳам яратганимизнинг назарига тушади ва шубҳасиз, фарзандларимизнинг меҳр-оқибати сифатида яна ўзимизга қайтади.
Бир сўз билан айтадиган бўлсак, ҳар бир инсон юртимизни обод қилишга улуш қўшиб, шу обод юртда савоб ишлари билан ўзидан яхши ном ва яхши из қолдириб, Аллоҳ ва эл-юрт олдидаги муқаддас бурчини бажариши шартдир.
Биз андиша, ўзбекчилик, мусулмончилик деган эзгу тушунчаларни ўзига ниқоб этган ана шу қусурдан бутунлай холи, бутунлай халос бўлишимиз керак. Андиша ўз йўли билан, лекин инсон, энг аввало, журъатли ва жасур бўлиши лозим. Дард яширилса, оқибати ёмон бўлади, мадда бойлаб кетади. Ўз дардимизни ўзимиз ошкор этишимиз, ўз вақтида чора топишимиз, тузатишимиз, бу ҳар кунлик оддий одатимизга айланиши зарур".
Истиқлол ҳақида
"Ўзбекистонга ҳеч ким халақит бермасин! Ўз келажагини ўз қўллари билан барпо этаётган бошқа республикаларга ҳам халақит берилмасин!"
Алишер Навоий ҳақида
"Ўзбекистон истиқлолга эришган 1991 йилни "Навоий йили" деб эълон қилганимиз, ўша унутилмас кунларда бобомиз руҳини шод этиш мақсадида азим пойтахтимиз Тошкентда ул зотнинг табаррук номида миллий боғ барпо этиб, унинг тўрида шоирга муаззам ҳайкал ўрнатганимиз бу борадаги хайрли ишларимизнинг дебочаси бўлган эди.
Алишер Навоий халқимизнинг онг ва тафаккури, бадиий маданияти тарихида бутун бир даврни ташкил этадиган буюк шахс, миллий адабиётимизнинг тенгсиз намояндаси, миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини дунёга тараннум қилган ўлмас сўз санъаткоридир.
Агар бу зотни авлиё десак, у — авлиёларнинг авлиёси, мутафаккир десак — мутафаккирларнинг мутафаккири, шоир десак — шоирларнинг султонидир.
Она тилига муҳаббат, уни улуғлаш, беқиёс бойлиги ва буюклигини англаш туйғуси ҳам бизнинг онгу тафаккуримизга, юрагимизга аввало Навоий асарлари билан кириб келган.
Ҳазрат Навоий шундай буюк зот экан, унинг тафаккур дурдоналари бўлмиш боқий асарлари замонлар оша яшаб келаётган экан, бу улуғ меросдан халқимизни, айниқса, ёшларимизни қанчалик кўп баҳраманд этсак, маънавиятни юксакликка кўтаришда, инсоний фазилатларни камол топтиришда шунчалик қудратли маърифий қуролга эга бўламиз".
Террорчилик балоси ҳақида
"Одам қиёфасини йўқотган бу каллакесарларнинг на дини, на миллати бор, бинобарин, уларнинг ислом оламига, мусулмон дунёсига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳаммамиз яхши биламизки, Қуръони Каримда бировнинг қонини ноҳақ тўкиш гуноҳи азим, дейилган. Ўзини мусулмон деб даъво қиладиган, лекин қилмиши қўпорувчилик, қотиллик, бутун-бутун халқларнинг ҳаётини барбод этишдан иборат бўлган бу манфур тўдаларга ислом дунёси номидан гапиришга ким ҳуқуқ берди?
"Мен фақатгина бугун эмас, олдиндан ҳам — давлат раҳбари бўлганимдан бери ҳамюртларимизга қарата, эй, ватандошларим, огоҳ бўлинглар, терроризм хатари, бу қора куч бошимизда бало-қазо бўлиб, ўзининг манфур ниятларига етиш учун қурол ва куч тўплаб, ханжарини ишга солишга ҳар лаҳзада шай турибди, деб даъват этиб келганимни, бу даҳшатли куч остонамиз олдида турганини бугун ҳам такрор-такрор айтишни ўз бурчим деб биламан.
Ҳеч шубҳасиз, биз аввало, ўз кучимизга, ўз Қуролли Кучларимизга, халқимизнинг иймон-эътиқоди ва қатъиятига суянишимиз даркор".
"Энг муҳими, қалбимизда ғуруримиз, билагимизда кучимиз бор экан, биз тинчликни ҳимоя қилишга, унга хавф солаётган кучларга қарши курашишга, қаддимизни тик тутиб, бошимизни баланд кўтариб яшашга қодирмиз.
Бизни қўрқитмоқчи бўлаётган ғаламислар шуни билиб қўйсинки, биз ҳеч кимга бош эгмаганмиз ва ҳеч қачон бош эгмаймиз".
Ўзбекистоннинг пировард мақсади ҳақида
"Бизнинг эндиги вазифамиз — мана шу йўлдан оғишмай, бошланган ислоҳотларни янада чуқурлаштириб, пировард натижага етказиш ва "Биз дунёда ҳеч кимдан кам бўлмаймиз!" деган шиорни амалда рўёбга чиқаришдан иборат.
Бугун мана шундай буюк мақсадларни ўз олдимизга қўяр эканмиз, яна бир масалага алоҳида эътиборингизни тортмоқчиман.
Биз янги ҳаёт, янги жамият барпо этиш йўлидаги ислоҳотларимизни, ўзгаришларни кимларгадир яхши кўриниш, кимларнингдир ҳомийлигига эришиш, шу тариқа кимлардандир садақа ундириш учун эмас, балки бу ишларни, аввало халқимиз манфаатларига тўла жавоб бергани учун амалга оширмоқдамиз ва келажакда ҳам бундай қараш ва интилишлардан қайтмаймиз".