ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. АҚШ матбуотида ҳар доим Европа Иттифоқи ва Буюк Британия муаммолари ҳақида гапиравермаслик лозим, деган фикр илгари сурилган. Спутник Тожикистон хабарига кўра, "Ўзбекистонда рўй бераётган ҳодисаларга эътибор қаратмоқ керак, нега деганда, янги раҳбар тайинланган мамлакатнинг ташқи сиёсатидаги устувор йўналишлар тез орада Москва томонга қараб бурилиши мумкин", деб ёзган американинг U.S.News нашри.
"Агар шундай бўлса, Ўзбекистон турли террорчилик уюшмалари учун осон ўлжага айланади", — дея қўшимча қилади нашр. Америка ОАВларига кўра, жумладан "Ислом давлати" террорчилик уюшмаси анчадан буён Ўзбекистонни ўзининг энг асосий марраларидан бири сифатида кўз остига олиб қўйган.
"Ўзбекистоннинг биқинида нотинч Афғонистон жой олган. У ерда вазият кундан кунга ёмонлашмоқда. Шу боис, бутун Марказий Осиё аланга олиши мумкин", — деган фикр билдирилган нашрда.
Мақола муаллифлари ҳаммадан ҳам кўра, Ўзбекистон ҳаётида бундан буёғига Россия қандай роль ўйнаши мумкинлигидан ҳавотир олганлар. Уларнинг фикрича, агар расмий Вашингтон Ўзбекистонда ўз манфаатларини тезроқ белгилаб олмаса, Россия тез кунда у ерда ўз таъсирини кучайтиришга ўтиши мумкин.
Ўтган ҳафтада Ўзбекистон президенти вазифасини вақтинча бажараётган Шавкат Мирзиёев мамлакат ташқи сиёсатида Ислом Каримов белгилаган йўлдан боришини маълум қилган эди.
Муваққат президент Ўзбекистон ҳеч қачон биронта ҳарбий блокларга, шу жумладан, КХШТга аъзо бўлмаслигини айтган ва республика иқтисодий иттифоқ бўлгани учун — ШҲТ таркибида қолишини маълум қилган.