ТОШКЕНТ, 9 сен — Sputnik. Президент вазифа ва ваколатларини вақтинча бажарувчи Шавкат Мирзиёев, Ислом Каримов олиб борган бетарафлик сиёсатини давом эттиришга ва ҳеч қандай ҳарбий иттифоқларга, жумладан КХШТга ҳам қўшилмаслигини таъкидлади, деб хабар қилмоқда Sputnik Тожикистон.
Ундан ташқари, Мирзиёев мамлакат ичида чет давлат ҳарбий базаларини жойлаштирмасликка ва Ўзбекистон ҳарбий кучларини Республика ҳудудидан ташқарида фаолият юритишига йўл қўймасликка ваъда берди. Айнан шу сабабдан, Европа мамлакатлар ОАВлари Ўзбекистон КХШТга қайтмайди деган фикр билдирмоқда.
"Ҳеч қандай ҳарбий-сиёсий блокларга қўшилмаслик, бошқа давлатларнинг ҳарбий базалари ва объектлари Ўзбекистон ҳудудида жойлашишига, шунингдек, ҳарбий хизматчиларимизнинг мамлакатимиз ҳудудидан ташқарида бўлишига йўл қўймаслик, илгаригидек, давлатимизнинг қатъий сиёсий позицияси бўлиб қолади", — деди Мирзиёев депутатлар олдида.
Шу билан бир вақтда, президент вазифа ва ваколатларини вақтинча бажарувчи Ўзбекистонга яқин қўшни бўлган Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистон давлатлари билан очиқ, дўстона ва прагматик сиёсат олиб боришда давом этишини айтиб ўтди.
Ташқи сиёсатда Ҳамдўстлик мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, айниқса Россия билан Стратегик шериклик ҳамда Иттифоқчиликни кучайтириш минтақада барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашига алоҳида эътибор бериб ўтган эди.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин бир неча экспертлар, жумладан "Проблемы национальной стратегии" журнали бош муҳаррири Аждар Куртов Sputnik Ўзбекистон билан бўлган суҳбатда Ўзбекистонни КХШТга аъзо бўлади деб башорат қилган эди.
"Бундан (яъни КХШТга аъзо бўлишдан) Ўзбекистон заррача ҳам ўзининг суверенитетини ва мустақиллигини йўқотмайди. Ўзбекистон учун хавфсизлик муаммоси ҳеч қаерга йўқолгани йўқ, буни ҳал қилишда иттифоқчилар унга ёрдам бериши мумкин. Ундан ташқари, Ўзбекистон иқтисодий сабабларга кўра ҳам қўшилиши мумкин, чунки КХШТ аъзоларига қурол-яроғ чегирма билан сотилади", — деган эди Аждар Куртов.
Коллектив Хавфсизлик Шартномаси ташкилотига (КХШТ) аъзолари — Россия, Арманистон, Беларус, Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон. Ташкилотнинг асосий мақсади, бу — тинчликни, халқаро ва ҳудудий хавфсизликни мустаҳкамлаш. Коллективлик асосда аъзо мамлакатларнинг мустақиллики, ҳудудий бутунлиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш. Ушбу мақсадларга эришишда сиёсий чоралар устуворликка эга.
Шанхай ҳамкорлиги ташкилотининг асосий вазифаси — аъзо мамлакатлар жойлашган кенг ҳудудда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлаш, террорчиликка, сепаратизмга, экстремизмга, наркотик моддалар тарқалишига қарши кураш, ўзаро иқтисодий ҳамкорликни ва энергетика соҳасида шерикликни ривожлантириш ҳамда илмий ва маданий алоқаларни кучайтиришдир. ШҲТга аъзо мамалкатлар: Ўзбекистон, Қозоғистон, ХХР, Тожикистон, Қирғизистон ва Россия.