ТОШКЕНТ, 13 сен — Sputnik. Тошкентдаги масжидлардан бири Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримов хотирасига қайта номланади, дея маълум қилди сешанба куни Лола Каримова-Тиллаева.
Ушбу масжидни қайта тиклашдек савобли ишни бажариш бахтини мен ва турмуш ўртоғимга насиб айлагани учун меҳрибон Парвардигорга беадад шукроналар ва ҳамду-санолар айтаман.
Мамлакатимиз диний уламолари ҳамда кенг жамоатчилик таклифига биноан намозгоҳга “Ислом ота” жомеъ масжиди номи берилди.
Аллоҳ таолодан раҳматли отамнинг диний қадриятларни тиклаш, Ватан озодлиги, юрт тинчлиги ва эл фаровонлиги йўлидаги солиҳ амалларини қабул айлаб, Ўз мағфиратига олиши ҳамда охиратларини обод этишини илтижо қиламиз.
Масжидни тиклаш ишлари ўтган йилнинг сўнгида бошланиб 9 ой давом этди. Бугун жомеъ масжидининг умумий майдони қарийб икки баробар ошган бўлиб, 2900 квадрат метрдан 5400 квадрат метргача катталашди. Энди масжидда 560 киши намоз амалларини адо этиши мумкин.
Масжиднинг асосий биноси баландлиги 22,1 метрни ташкил этувчи гумбаз, 36,65 метрлик катта минора ва ҳар бирининг баландлиги 10,82 метр бўлган тўртта кичик миноралардан иборат.
Мажмуанинг лойиҳалаштириш ва қайта тиклаш ишларида меъмор ва қурувчилар Марказий Осиёда масжидлар қуриш қоидаларига тўлиқ амал қилдилар. Масжид биносининг ички ва ташқи томонларидаги кўплаб нақшлар ҳам Марказий Осиё меъморчилик мактаби анъаналарига мансуб ҳолда яратилди. Масжид ичкарисида гумбаз ва деворларга муқаддас Қуръони Карим оятлари малакали ҳаттотлар томонидан ганч билан ишланиб ёзилган.
Янги қурилган мажмуада кутубхона ва таҳорат хоналари ҳам барпо этилди. Имконияти чекланган инсонлар учун зарур ускуналар, ҳавони тозалаб берувчи қурилма ва кондиционерлар тизими мослаб ўрнатилди. Масжид ҳовлисида дам олиш жойлари ҳам яратилди.
Аждодларимиздан қолган шундай бир ибратли маълумот борки, Буюк ипак йўли бўйлаб Тошкент томон ойсиз тунларда қатновчи карвонлар қоронғуда узоқдан ушбу масжиддан таралиб турган нурни кўриб у томон юриб келишаркан. Ушбу файзли даргоҳда турли йилларда Мулла Нофий домла, Исҳоқ Махдум домла, Исмоил Маҳдум домла, Аҳмаджон домла ва Раҳматилла Қори домла хизмат қилиб келганлар. Бугунги кунда масжиднинг имом ҳатиби вазифасида Абдулҳаким Қори домла хизмат қилиб келмоқдалар.
“Ислом ота” масжиди бундан кейин ҳам Ислом динининг эзгулик, тинчлик, меҳр-мурувват, раҳмдиллик, муҳтожларга ёрдам бериш каби қадриятларини тарғиб қилувчи муҳим маънавий-диний маскан бўлиб қолишини Аллоҳ таолодан сўраб қоламиз. Аллоҳнинг буюргани бўлади. Албатта, Аллоҳ барча нарсани Ўз илми билан ўраб олгандир. Ушбу масжидни қайта тиклаш ишларини бошлаган пайтимизда, бу табаррук даргоҳ отамнинг оламдан ўтганларидан озгина вақтдан сўнг қайта очилиб, унга раҳматли падари бузрукворимнинг номлари берилишини ҳаёлимизга ҳам келтирманган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов 2 сентябр куни Тошкентда инсульт оқибатида вафот этган эди. Марҳум ўзи туғилиб ўсган шаҳар — Самарқандда мусулмон урф-одатларига кўра дафн этилди.