ТОШКЕНТ, 29 авг — Sputnik. Яқин кунларда Ўзбекистонда на референдум, на муддатидан олдинги сайловларни кутиш мумкин, дейди Россия стратегик тадқиқотлар институти эксперти Аждар Куртов. Аниқроғи, давлат етакчисининг соғлиги ёмонлашадиган бўлса давлат раҳбари вазифасини бажарувчи тайинланади.
Сиёсатчи Ислом Каримовнинг соғлиги биринчи марта ёмонлашмаётганини, лекин илгари бундай хабар шифокорлар орасидагина тарқалгани – Президент саломатлиги тикланиб яна ўз вазифасини бажаришга киришганини эслатди. Ҳозир эса вазият бошқача — Ислом Каримовнинг соғлиги ёмонлашгани ҳақида расмий манбалар маълум қилди.
Исён ва норозилик намойишлари
Каримовнинг сиёсий мухолифларида исён, инқилоб ва фаол ижтимоий норозиликлар орқали вазиятни ўзгартириш хоҳиши туғилиб қолиши эҳтимоли бор. Куртов совет даври охиридаги вазият такрорланиши мумкинлигини истисно этмаяпти.
"1990 йиллар бошида Ўзбекистонда, хусусан Фарғона водийсида ислом радикаллари бош кўтариши билан боғлиқ жиддий ҳодисалар юз берганди. Бундан ташқари, Афғонистондаги ҳозирги вазият яхши эмас. Ҳамма нарса бўлиши мумкин", – деди эксперт.
1990 йилдан буён давлат раҳбари лавозимида фаолият юритаётган Ислом Каримов президентлик бошқарувининг қатъий режимини ўрнатган ва ўта муҳим масалаларни ўз зиммасига олганди. Агар Президент бирор сабаб туфайли ҳокимиятдан воз кечадиган бўлса, шу заҳоти иқтисодий ва сиёсий муаммолар юзага келиши мумкин.
Туркманистон йўли
Аммо ҳокимиятг тинчгина “қўлдан қўлга” ўтиши ҳам мумкин. Қўшни Туркманистонда биринчи президент Сапармурат Ниёзовнинг кутилмаган ўлимидан сўнг экспертлар мамлакат фуқаролар уруши ичида қолишини тахмин қилишганди. Бироқ бундай бўлмади.
"Туркманистоннинг сиёсий амалдорлари бир-бирлари билан келишиш учун куч топа олишди. Амалдаги Конституция бузилиши юз берди, лекин мамлакатда на исён, на уруш, на инқилоб содир бўлди, – эслатади Куртов. – Ўзбекистон ҳам шу йўлдан бориши мумкин. Аниқроғи, сиёсий раҳбарият ўзаро келишади".
Сиёсатшуноснинг фикрича, Тошкентдагилар яхши урушдан кўра ёмон тинчлик яхшироқ эканлигини тушунишади. Ҳарбий ёки фуқаровий низоларни кутишнинг кераги йўқ. Бунинг устига, давлатнинг биринчи раҳбари бўлиш истагидагилар мақсадларига эришиш учун барча ресурсларини ишга солишлари ва мағлуб бўлган тақдирда гаровга ҳаётларини тикишлари лозим бўлади.
"Унчалик қонуний бўлмаган ворис"
Куртов агар Ислом Каримов ўз лавозимидан воз кечса маълум бир даврдан сўнг сайловлар бўлиб ўтади деб ҳисоблайди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан бундай йўл жудаям демократик бўлмаса ҳам, ақлли йўл ҳисобланади, зеро бу даврда “унчалик қонуний бўлмаган ворис” тайинланади. “Сиёсий вазиятни барқарорлаштириш” амалга оширилади – сайловларга қадар “керакли шахслар” лавозимларни эгаллашади.
"Осиё мамлакатларида сайловлар европаликлар ўрганиб қолган сайловлардан кескин фарқ қилади, – давом этади сиёсатшунос. – Албатта Ислом Каримовнинг ворислари бор. Булар куч структуралари ва бизнес. Ҳаммаси қийин вазиятда куч, медиа, молия ва маъмурий ресурсларни ким назорат қилишига боғлиқ".
Эксперт Ўзбекистон Президенти қизларини Шарқда “давлат раҳбари эркак эмас, аёл киши бўлишини яхши қабул қилмасликлари” нуқтаи назаридан ворисликка даъвогар деб қарамаслик кераклигини айтди.
Рангли инқилоб
Халқаро эксперт Алексей Мартинов ҳозирда Ўзбекистоннинг ички ишларига хорижлик кучларнинг аралашувига йўл қўймаслик муҳимлигини, чунки бундай ҳол рангли инқилобга олиб келиши ва бутун ҳудудда вазиятнинг издан чиқишига олиб келиши мумкинлигини айтди. Президент ҳокимиятни кимга топшириши эса кейинги масала.
Ўн бир йил илгари айнан Ислом Каримов Андижонда акромийлар ҳаракати томонидан ҳокимиятни эгаллашга уринишни йўққа чиқарганди. “Шер бемор” бўлганида ушалмаган ниятини амалга оширишга уринмоқчи бўлганлар топилади.
"Қирғизистон билан чегарадаги вазият кескинлашиши мумкин. Биз бундан ўн йил илгариги рангли инқилоблар тўлқини юзага келтирган беқарорликнинг барча омилларини кўришимиз мумкин, таъкидлади сиёсатшунос. – Ўзбекистонда инқилоб уюштира олишмади, чунки унинг раҳбари барча масъулиятни ўз зиммасига олди. Ҳозирда ўша ишни яна амалга ошириш орзуси пайдо бўлиши мумкин. Афсуски, бундай хавф мавжуд".
Ўзбекистон дунёвий давлат ва ҳокимият демократик йўл билан сайланади. Ўзбекистон етакчисининг саломатлиги ёмонлашадиган бўлса ҳокимиятни ким эгаллашини ўзбек сиёсий доираси ҳал қилади.
"ШҲТ, ЕОИҲ, Божхона иттифоқи ва КХШТ каби ташкилотлар Ўзбекистондаги сиёсий ўзгаришларга муносабат билдиришлари муҳим. Бу савол бугун кун тартибида турибди, – деди сиёсатчи. – Ўзбекистон Россия билан умумий геосиёсий маконда туради ва ушбу ҳудудда вазиятнинг кескинлашуви ҳеч кимга керак эмас. Ҳозир эса гапириш эмас, кузатиш лозим".