ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Хонанда Ситора Фармонованинг лицензиядан маҳрум этилгани ижтимоий тармоқларда энг кенг муҳокама қилинаётган мавзулардан бирига айланди, дейиш мумкин.
"Ўзбекнаво" томонидан эълон қилинган расмий билдиришда “Ўзбекистон Республикаси қонунлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари талабини бажариш ҳар бир хонанда ва санъаткорнинг бурчидир”, дейилган эди.
Спутник Ўзбекистон хонанда билан боғланишга уриниб кўрди, аммо Ситора Фармонованинг телефони ўчирилган эди.
Хонанданинг продюсерига қўнғироқ қилганимизда, у бизга Ситора ҳозирда Тошкентга "Ўзбекнаво" эстрада бирлашмасига бориб, лицензия билан боғлиқ шов-шувларга шахсан ойдинлик киритиш ниятида эканлигини маълум қилди.
Сал олдин Спутник Қирғизистон Ситора Фармонова билан боғланишга муваффақ бўлгани ҳақида ёзган эди. Нашрда берилган хабарга кўра, Ситора Фармонова Спутник Қирғизистон мухбирига "Тафсилотлардан хабарим йўқ. Барча ташкилий ишлар билан продюсерим шуғулланади. Лицензиямдан маҳрум этилганимни эшитиб, ўзим ҳам "шок"ка тушдим. Ҳозирча бу борада ҳеч қандай изоҳ беролмайман", деб айтган.