ТОШКЕНТ, 20 июл — Sputnik. Туркияда рўй берган ҳарбий исён — давлат тўнтаришини амалга оширишга бўлган уринишлар, ва бунинг оқибатида юзага келган тартибсизликлар туфайли ўз яқинларини Туркияга ишга кузатган ўзбекистонликлар юрагида ҳадик уйғонгани рост. Турли хил сабаб билан кимнингдир акаси, опаси, яна кимнингдир ота-онаси ҳозирда Туркияда.
Таҳририятимизга қўнғироқ қилган ўзбекистонлик аёлнинг сўзларига қараганда, у мана икки ҳафтадирки Туркияга ишлашга кетган опаси билан боғлана олмаяпти. Аёл на кетган манзилини айтган, на телефон рақамини қолдирган.
Спутник Ўзбекистон бу ҳолатга аниқлик киритиш учун Ўзбекистон ТИВ матбуот хизматига қўнғироқ қилди. Ташқи ишлар вазирлиги ходимининг сўзларига қараганда, "бедарак кетган шахснинг яқинлари ҳудудий ИИБга мурожаат этишлари лозим. Милиция бўлинмасида уларга бу ҳолат юзасидан зарур йўл-йўриқ тушунтирилади".
Туркиядаги ўзбекистонликлар тақдири ҳақидаги саволга эса муассасада "биз бу ҳолат юзасидан изоҳ бермаймиз", дея жавоб қайтаришди.
Шу боис, Туркиядаги ҳолатни билиш учун бу мамлакатда узоқ йиллардан бери яшаб келаётган Ўзбекистон фуқароси билан боғландик.
Унинг сўзларига қараганда, Туркияда айни вақтда ҳаммаёқ тинч, ўзбеклар тақдири учун ҳавотирланишга ўрин йўқ.
"Сизларга четдан худди Туркияда уруш бўлаётгандек туюлиши мумкин. Аслида эса бизда ҳаммаёқ тинч. Ҳавотир олманглар", — деди суҳбатдош.
"Тўғри, давлат тўнтаришини амалга оширишга ҳаракат қилишди, лекин бу амалга ошмади. Ҳукумат бир кунда исёнчиларнинг аксариятини ҳибсга олди", — қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, 15 июлдан 16 июлга ўтар кечаси Туркияда бир гуруҳ ҳарбийлар ҳукуматни эгаллаб олишга ҳаракат қилган. Улар ҳарбий вертолёт ва танклар ёрдамида аэропорт, кўприк, ОАВ бинолари ва президент саройига ҳужумлар уюштирган. Туркия ТИВ маълумотига кўра, ҳарбий исён оқибатида 290 киши қурбон бўлган.