ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Вашингтон альянсга аъзо мамлакатларни "Москва тажовузкорлигига" ишонтирмоқчи бўляпти, аммо бу афсонага ишонмайдиган давлатлар борлиги маълум бўлиб қолди, дейди журналист Брайан Макдональд. РИА Новости хабари асосида.
"Вашингтон биргина Берлиннинг фикрини инобатга олиши мумкин. Аммо унинг ҳам Россияга нисбатан оҳанги кун сайин қарама-қарши тус олмоқда", — дейилган мақолада.
Мисол учун, Германия ТИВ раҳбари Франк-Вальтер Штайнмайер альянснинг Польшадаги ҳарбий машғулотларини кескин танқид остига олиб, уларни "қуроллар жаранг-журунги", дея атаган бир вақтда, канцлер Ангела Меркель Болтиқбўйи мамлакатлари, яъни Россия биқинига ўз қўшинларини юбориш истагида ёнмоқда, дея ёзади журналист.
Макдональднинг фикрича, Қўшма Штатлар ўзининг улкан ҳарбий бюджетини ушлаб туриш учун ҳам "Россия тажовузкорлиги" мавзусини қунт ила ривожлантирмоқда.
Россия НАТО учун хавф туғдирмайди, Москванинг альянсга ҳужум қилиши сценарийси эса ўйлаб топилган уйдирмадан бошқа нарса эмас, дейди ишонч билан журналист. АҚШ ўз иттифоқдошларини "Россия тажовузкорлиги" ҳақидаги афсонага ишонтиришга харчанд уринмасин, Европанинг аксарият давлатлари бунга ишонмасликларини маълум қилишди.
Мақола муаллифи фикрича, Москва ўз чегарасида альянс томонидан уюштирилган "қурол-аслаҳалар жаранг-журунгига" эътибор қилмаслиги лозим. Зеро, бу нарса — қурол-яроғ саноати ҳисобига тамагирлик билан шуғулланиб келаётган НАТОнинг совуқ уруш сарқити эканлигини кўрсатиб бермоқда.